Энди ерга шунчаки уруғ қадаш эмас, балки аниқ фан ва технология имкониятларига таяниш керак
Бугун ҳаётимизда “Нима эксанг, шуни ўрасан” деган деҳқончилик қоидалари ишламай қолаётгандай туюлади. Бу аграр соҳада ҳам таваккалчилик билан узоққа бориб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Энди шунчаки ер ҳайдаб, уруғ сочиб кутишнинг даври ўтди. Замонавий қишлоқ хўжалигида ҳар бир қарор аниқ фан, тупроқ таҳлили ва замонавий технология имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда қабул қилиниши шарт. Қайси экинни қачон экиш, унга қанча сув бериш, қандай ўғитдан фойдаланиш ва тайёр ҳосилни қайси бозорга олиб чиқишни олдиндан билмай туриб муваффақиятга эришиб бўлмайди.
Бугунги замон деҳқончилигида асосий мезон камроқ ресурс сарфлаб, юқори сифатли маҳсулот етиштиришдан иборат бўлмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб қишлоқ хўжалигида айнан ана шундай илмий ва оқилона ёндашувга асосланган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунинг ёрқин мисолини Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида кўриш мумкин.
Йиллар давомида қаровсиз ва сувсиз ётган 2 минг 500 гектар чўл ҳудуди бугун аста-секин яшил майдонларга айланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан ташкил этилган “Ўзагростар холдинг” ва унинг таркибидаги корхоналар томонидан бу ерда иккита йирик агролойиҳага аниқ ва пухта режа билан қадам қўйилди.

– Чўл шароитида экин экиб, мўл ҳосил олиш жуда мураккаб вазифа, – дейди “Ўзагростар холдинг” компанияси директори Фазлиддин Муҳиддинов. – Шу боис, лойиҳа иши таваккалчиликдан эмас, аниқ илмий таҳлилдан бошланди. Чет элдан малакали мутахассислар жалб этилиб, ҳудуднинг иқлим шароити, тупроқ таркиби ва намлик даражаси синчковлик билан ўрганилди. Барча агротехник тадбирлар шу ўрганишлар асосида режалаштирилди. Бу эса хориж агротехнологияларини маҳаллий шароитга тўғри мослаштириш имконини берди.
Таъкидланишича, лойиҳанинг биринчи йўналишида 1 минг 332 гектар майдонда чорва озуқаси етиштирилади. Бу гўшт ва сут маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир. Чунки чорва учун серҳосил беда ва маккажўхори етиштирилса, озуқа базаси мустаҳкамланади. Бу эса чорвачилик хўжаликларида маҳсулот таннархининг арзонлашишига олиб келади.
Иккинчи муҳим йўналиш эса маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда 300 гектар майдонда уруғлик картошка етиштиришни йўлга қўйиш бўлди. Картошка халқимиз учун “иккинчи нон” ҳисобланади. Аммо илгари картошкачиликдаги энг катта оғриқли нуқта сифатли уруғликнинг етишмаслиги эди. Уруғлик қиммат бўларди, сифатига эса ҳеч ким кафолат бера олмасди. Оқибатда деҳқон қанча меҳнат қилмасин, кутилган ҳосилни ололмай сарсон бўлган.
Бу муаммога чек қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги тегишли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида “Булунғур – Агро Стар” корхонаси Нидерландиянинг машҳур “Agrico” компаниясидан 6 минг тонна элита картошка уруғларини олиб келди. Эсма, Аризона, Алуэтте, Пикассо ва Агата каби серҳосил навлар юртимизга келтирилиб, аҳолига ҳеч қандай устамасиз, арзон нархларда тарқатилди.

Бу ислоҳотнинг амалий натижаси тез орада ўзини кўрсатди. Самарқанд вилояти Булунғур туманининг Хўжамазгил ҳудудидаги 40 гектар майдонга экилган мазкур уруғлардан гектарига ўртача 40–50 тоннадан ҳосил олинди. Аҳоли томорқаларида эса бу кўрсаткич гектарига 60 тоннагача етди. Бу жуда юқори натижа демакдир. Энди ана шу сифати ва ҳосилдорлиги исботланган уруғлар Нишон туманининг янги ўзлаштирилган чўл майдонларида экилмоқда.
Замонавий деҳқончиликни сувни тежайдиган технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, сув ресурслари чекланган ҳозирги даврда анъанавий ариқлаб суғоришдан воз кечиш давр талабига айланди. Шу боис, Нишондаги картошкачилик лойиҳаси учун Австриянинг нуфузли компаниясидан қиймати 7,6 миллиард сўмлик 10 та айланма пивот суғориш тизими олиб келинди.

Суғориш тизимини сув билан таъминлаш учун “Нишон” айланма каналидан 7 километр узунликдаги икки қатор қувур тармоғи тортилди ва янги трансформатор ўрнатилди. Қолаверса, Нидерландиядан уруғни автоматик равишда экадиган замонавий техникалар келтирилди. Лойиҳага жалб қилинган мисрлик мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай суғориш тизими катта майдонларни бир маромда ва тенг суғориш имконини беради. Сув исроф бўлмайди, тупроқ шўрланмайди. Энг муҳими, экинга зарур бўлган ўғит ва ҳимоя воситаларини айнан шу суғориш тизими орқали етказиб бериш мумкин.
Бу лойиҳаларнинг яна бир муҳим томони шундаки, улар маҳаллий деҳқон ва фермерлар учун ўзига хос маҳорат мактабига айланмоқда. Атрофдаги аграр соҳа вакиллари чўл ўртасида замонавий техникалар ва сув тежовчи тизимлар қандай ишлаётгани, илмга асосланган ёндашув қандай натижа бераётганини ўз кўзлари билан кўрмоқда. Бу эса янги технологияларнинг бутун ҳудуд бўйлаб тезроқ оммалашишига ёрдам беради.
Амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва қишлоқ хўжалигига янгича маданият олиб кириш йўлидаги катта қадамдир. Янги майдонларнинг қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилиши ва илмий ёндашувнинг жорий этилиши натижасида бозорларимизда арзон ва сифатли маҳсулотлар кўпаяди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири