Энди Чироқчида ҳам саноат ривожланади
2020 йил 6 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани аҳолисининг асосий даромад манбаи чорвачилик ҳисобланади. Ўтган даврда бу ерда йирикроқ завод ё корхона қурилгани йўқ. Оқибатда ҳудудда ишсизлик даражаси ортди. Туманнинг иқтисодий аҳволи ҳам юқори эмас.
Шу туфайли давлатимиз раҳбари бу муаммо ечимини бевосита назоратга олди. 2019 йилнинг 13 сентябрида “Чироқчи” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида“ги фармонни имзолади.
Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2020 йил 6 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасига келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан зарур маблағлар ажратилади. Шунингдек, унитар корхона устав фондини шакллантиришга 1,0 млрд. сўм йўналтирилади.
ЭИЗ дирекцияси Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Мустақиллик майдони, 1-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилиши ва унга Чироқчи тумани ҳокимлиги маъмурий биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи берилиши белгиланган.
Эркин иқтисодий зона ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилмоқда.