Эмланганларда ножўя таъсир кузатилмади
Бухоро шаҳар 4-оилавий поликлиника бош шифокори Хушнуд Жамилов ҳам Ўткир респиратор касалликдан соғайгандан сўнг ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланди.
Жорий йилнинг 1 апрелидан бугунги кунга қадар 4-оилавий поликлиника ҳудудидан 5 минг 755 нафар биринчи марта эмланиши режалаштирилган контингентнинг 387 (6.7%) нафари эмланди. Шундан, жами эмланганларнинг 65 ёш ва ундан юқори ёшдаги фуқаролар сони 101 (26%) нафарни ва тиббиёт ходимлари сони 286 (74%) нафарни ташкил этмоқда.
Эмланган контингентнинг хохишига кўра 300 нафари Astra Zeneca ва 87 нафари ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланди.
2021 йилнинг 8 апрель куни соат 12:00 га қадар 71 нафар фуқаролар эмланди, шундан 14 нафари 65 ёш ва ундан юқори ёшдаги аҳоли ҳамда 59 нафар тиббиёт ходимлари эмланди. Эмлаш жараёни ҳар куни соат 08:00дан 20:00 гача амалга оширилмоқда.
Ҳар бир эмланган фуқаро тўғрисидаги батафсил маълумотлар Emlash.uz сайтига киритиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунга қадар эмланганлар орасида эмлашдан сўнгги ножўя таъсирлар кузатилмади.
Мазкур 4-оилавий поликлиникада ўтказилаётган эмлаш жараёнлари каби тадбирлар Бухоро шаҳрининг барча оилавий поликлиникаларида ҳамда вилоятнинг Вобкент ва Бухоро туманларида ҳам амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА