Элнинг чинакам ардоғидаги шоир
У чиндан ҳам ўзбекнинг пешонасига битилган истеъдод, чин маънода эл ардоғидаги шоир эди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий кечалар, гурунглар, давра суҳбатларида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг исботини топмоқда.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида катта тантана, байрамона руҳда, баланд савияда ўтаётган бундай тадбирлар адабиёт, маънавият байрамига айланиб кетмоқда.
Ана шундай маърифий хотира тадбири Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтди.
Кутубхона директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров, шоир Муҳиддин Омон ва бошқалар янгиланиб бораётган Ўзбекистонда миллий адабиётимизга, маънавиятимизга, китобхонликка бениҳоя катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Бу жараёнда сўз санъати дарғаларининг хотирасини эъзозлаш, уларнинг бой адабий мактаби ижод йўлини кенг тадқиқ этиш, асарларини қайта чоп этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Устоз Абдулла Орипов наинки мамлакатимизда, балки хорижда ҳам севиб мутолаа этиладиган бетакрор истеъдод соҳиби эди. Адабиётшуносларнинг фикрича, унинг шеърларида инсоннинг чуқур руҳий дунёси ва халқ тарихи таҳлил этилади.Чуқур фалсафийлик, миллий руҳ, диний-ахлоқий мезонларга садоқат шоир шеърияти асосларини ташкил этади. Ўзбек халқининг миллий тикланиши, ҳурфикрлилик ва мустақиллик учун курашишда Абдулла Орипов шеърияти катта ўрин тутади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондида шоир адабий мероси билан боғлиқ китоблар салмоқли ўрин эгаллайди. Айни пайтда уларни наинки мамлакатимиз китобхонлари, балки хориждан келган тадқиқотчилар, олимлар, адабиётшунослар ҳам катта қизиқиш билан ўрганмоқда.
Маърифий кечада устоз Абдулла Ориповнинг инсон,борлиқ, табиат, жонажон Ўзбекистонимиз, истиқлол тараннум этилган шеърлари янгради. Шоир ижодидаги фалсафийлик, бадиий маҳорат теран таҳлил этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА