Элликқалъада янги лойиҳалар билан танишилди
Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими Валижон Ниёзимбетов раҳбарлигида қатор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда алоқадор масъуллар иштирокида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишилди.
Кун давомида туман ҳудуди бўйлаб қишлоқ хўжалиги объектлари, муқобил машина-трактор парклари, фермер хўжаликлари ва кластерларда амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди. Хусусан, пахта майдонларида ғўзани парваришлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, экинларни суғориш, зараркунандаларга қарши курашиш, қатор ораларига ишлов бериш ҳамда такрорий экинларни парваришлаш жараёнларига эътибор қаратилди. Шунингдек, 2026 йил пахта ҳосили йиғим-теримига тайёргарлик, 2027 йил ҳосили учун ғалла экиладиган майдонларни тайёрлаш, шудгорлаш, лазерли текислаш ва шўр ювиш ишлари билан танишилди.

Жумладан, “Сахтиён” шаҳарча фуқаролар йиғинида “Умидбек Одилбек” масъулияти чекланган жамиятига қарашли лимонарий фаолияти, чорвачилик соҳасини ривожлантириш мақсадида барпо этилаётган енгил конструкцияли бино қурилиши кўриб чиқилди.

Шунингдек, “Сарибий” овул фуқаролар йиғини ҳудудида давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 январь кунги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун янги имкониятларни яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида тадбиркор томонидан барпо этиладиган янги замонавий бозор қурилишига тамал тоши қўйилди. Мазкур бозорнинг ишга туширилиши ҳудуд аҳолиси учун муҳим қулайлик яратади.
Кун давомида фермерлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Аниқланган масалаларни ҳал этиш, ишларни самарали ташкил қилиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Бундай амалий ташрифлар ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида кенг нишонланадиган мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб кутиб олиш, туман ҳудудида ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ишларини олиб бориш, маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, коммунал тизимдаги мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, янги тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасида вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири