Элит ОЧЛ: Фарғона ва Бағдоддаги аламли мағлубиятлар ҳамда ОФКнинг кутилмаган қарори
Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи 3-тур учрашувлари доирасида бугун, 27 октябрь куни «Шабаб Ал-Аҳли» — «Истиқлол» ва «Ал-Шамал» — «Ал-Ҳилол» учрашувлари бўлиб ўтади.
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг 3-турида Фарғонанинг «Нефтчи» клуби ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасига, Тошкентнинг «Пахтакор» клуби эса Ироқда «Эйр Форс»га имкониятни бой берди.
Фарғонадаги «Истиқлол» стадионида ўтган учрашувда мезбонлар 17-дақиқада Жамшид Искандеровнинг пенальтидан киритган голи эвазига ҳисобни очди. Бироқ, 34-дақиқада Уссам Ауар мувозанатни тиклади. Ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқада Юссеф Эн-Несири меҳмонларга ғалаба келтирган голни урди.

Бағдод шаҳридаги «Мадина» стадионида «Эйр Форс» ва «Пахтакор» клублари ўртасидаги баҳсда 1:0 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ягона гол 70-дақиқада Саад Абдуламер томонидан киритилди.
Шу тариқа, 3-турдан кейин «Нефтчи» уч очко, «Пахтакор» эса икки очко билан қолди.

Турнинг бошқа учрашувларида Саудия Арабистонининг амалдаги ғолиби «Ал-Аҳли» клуби Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Жиддада кечган баҳсда Иван Тони тўртинчи дақиқада мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Флоринел Коман ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, учрашув тугашига тўрт дақиқа қолганида Маттеус Гонсалвеш ғалаба голини киритди. Ушбу натижадан сўнг, «Ал-Аҳли» очколарини еттитага етказди. Қатарликлар эса учинчи мағлубиятини қабул қилиб, очкосиз қолди.
БАА шарафини ҳимоя қилаётган «Ал-Айн» клуби ўз майдонида Эроннинг «Трактор» жамоасини 2:1 ҳисобида енгди. Учрашувнинг 21-дақиқасида Рами Рабиа мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим бошида Тибор Халович мувозанатни тиклади. 70-дақиқада эса Ҳуссейн Раҳимий ғалаба голини урди. Ушбу натижа орқали «Ал-Айн» учинчи ғалабасини қайд этиб, 9 очко билан пешқадамликни мустаҳкамлади. «Трактор» эса уч ўйиндан сўнг бир очко билан қолди.

Саудия Арабистонининг «Ал-Қодисия» ва Қатарнинг «Ал-Садд» клублари ўртасидаги баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг 74-дақиқасида Акрам Афиф Қатар жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан ўн дақиқа ўтиб, Хулиан Киньонес мувозанатни тиклади. Натижада «Ал-Қодисия» очколарини бештага етказди, «Ал-Садд» эса мусобақадаги илк очкосини жамғарди.
Дарвоқе, Осиё чемпионлар лигасининг 3-тури доирасида Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» ҳамда БААнинг «Ал-Васл» клублари ўртасида кутилаётган тўқнашув ОФК томонидан кечиктирилди.
Риёд шаҳрида ўтказилиши лозим бўлган ўйиннинг янги муддати борасида ташкилотчилар ҳозирча аниқ тўхтамга келишгани йўқ. ОФК ушбу вазият юзасидан сукут сақлашни маъқул кўраётган бир пайтда, спорт матбуоти буни меҳмонлар — «Ал-Васл» жамоасининг сафар уюштиришдаги транспорт ва логистика муаммолари билан изоҳламоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА