Электротехника саноати ривожланади
Қарор ва ижро
Тошкент вилоятида электротехника саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш ва юқори қўшилган қийматли электротехника маҳсулотлари номенклатурасини кенгайтириш борасида амалий ишлар олиб боилмоқда.
Сўнгги йилларда тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хомашё ресурсларини қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош замонавий электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.


Ҳозир бу тармоқдаги мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари жами 75 та бўлиб, шундан 9 таси кабель-сим, 15 таси маиший техника 51 таси бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Президентимизнинг 2024 йил 10 январдаги “Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида янги захира ва имкониятларни сафарбар қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди. Унга кўра, “Eltech Industrial” технопарки учун 214 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, шунинг каттагина қисми Оҳангарон тумани ҳиссасига тўғри келади.


– Ҳозир бу ерда 138 гектар майдонда 10 та лойиҳанинг қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда, – дейди вилоят инвестисиялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нажмиддинхўжа Шарипов. – Шу билан бирга, қулай инфратузилмага эга мазкур ҳудудда инвестиция лойиҳаларини тезроқ қуриш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятни самарали ташкил этиш учун имтиёзли банк кредитларидан фойдаланиш каби масалаларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги электротехника саноатини ривожлантиришда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Хитой инвесторлардан бири “Shandong Huake Semiconductors research institute” ва “Bitmain Huake Semiconductors research institute” каби халқаро ташкилотлар билан кенг кўламли келишувлар асосида ишлар олиб борилмоқда. Улар саноатни ривожлантириш борасида катта тажрибага эга бўлиб, ҳозирги кунда юқори аниқликдаги рақамли интеллектуал датчиклар ва чиплар ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур маҳсулотлар турли соҳалардаги компьютерлашган техникалар учун ишлатилади.


Бундан ташқари, вилоятда Хитой давлати билан ҳамкорликда “Бир камар – бир йўл” ташаббуси асосида яримўтказгич саноатининг жадал ривожланишига ихтисослашган замонавий саноат паркини ташкил этиш ҳам мўлжалланган. Унда илғор технологик имкониятлар яратган ҳолда қишлоқ хўжалиги, молия, логистика, технология каби кўплаб марказларни ташкил этиш режалаштирилган.
2023-2025 йилларда ҳудуд бўйича қиймати 416 миллион доллар бўлган 41 та лойиҳа ишга туширилади. Жорий йилда 18 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. Масалан, улардан бири Янгийўл туманидаги “Enter Solar Green Energy” корхонаси томонидан 16 миллион долларлик йилига 365,7 минг дона замонавий қуёш панеллар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Натижада 250 та янги иш ўрни яратилади. Оҳангарон туманидаги “Metal Processing Technology” МЧЖ корхонаси томонидан эса 3,5 миллион долларлик йилига 5 минг тонна мис трубалари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади ва 50 та янги иш ўринлари яратилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири