Электрон тўлов хизматларида юз бераётган фирибгарликларга қандай барҳам берилади?
Мамлакатимизда рақамли тўлов хизматлари бозорини ривожлантириш, молиявий хавф-хатарларни камайтириш ҳамда тўлов хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Тижорат банклари, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида банк карталаридан фойдаланган ҳолда ўғирлик ҳамда фирибгарлик ҳоллари содир этилишининг олдини олишга қаратилган замонавий тизимлар ва бошқа ҳимоя механизмларини ташкил этиш зарурати юзага келган.

Бу Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
– Қонун билан қонунчиликка операторлар ҳамда тўлов ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш, антифрод тизимини ва биометрик идентификация тизимларини жорий этиш, шунингдек лицензиялаш жараёнларини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев. – Мазкур қонун тўлов хизматлари бозорида хавфсизликни таъминлаш, молиявий фирибгарликларнинг олдини олиш, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Электрон тўлов хизматларида юз бераётган фирибгарликларга қандай барҳам берилиши ҳақидаги саволларга Марказий банк раиси ўринбосари Санжар Носиров жавоб берди.

– Тўлов хизматлари кўлами кейинги пайтда жуда кенгайди, – деди С.Носиров. – Бу катта қулайлик яратиши билан бирга айрим хатарларни ҳам юзага келтирди. Бу жараёнда фирибгарлик ҳолатлари юз бераётгани сир эмас. Эндиликда бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида тўлов ташкилотлари антифрод тизимини жорий қилади. Бу молиявий фирибгарликнинг олдини олиш, транзакцияларни реал вақт режимида таҳлил қилиш ва шубҳали ҳаракатларни аниқлаб, блоклаш учун мўлжалланган тизим.
Сенаторлар маъқуллаган қонун рақобат муҳитини таъминлаш, лицензиялаш жараёнларини камайтириш ва банкларнинг тўлов хизматлари бозоридаги фаолиятини рағбатлантиришга кенг имкониятлар яратади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА