Электрон тижорат соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилади
Янги қарор
Юртимизда электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш, замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат маконини шакллантиришнинг аҳамияти ортмоқда. Бу иқтисодиётда хуфиёна айланма улушини камайтириш ҳамда бозор иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг асоси саналади.
Айни мақсадларда давлатимиз раҳбари томонидан 13 апрель куни “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида резидентлар ва норезидентлар томонидан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали чакана сотиш учун уларни вақтинча сақлашга мўлжалланган янги турдаги эркин омбор – бонд омбори ташкил этилади.
Эксперимент доирасида бонд омбори эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади.
Бонд омборидан товарларни сотиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритиладиган Махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган махсус электрон савдо платформаси орқали амалга оширилади.
Шунингдек, бонд омборига товарлар эркин омбор божхона режимига мувофиқ жойлаштирилади ҳамда ушбу товарларни жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжи учун чакана сотишга рухсат берилади.
Бунда бонд омборидан жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжи учун сотиладиган товарлар жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.
Бонд омборига жойлаштирилган товарларни жўнатмалар декларацияси асосида жисмоний шахсларга чиқаришда мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати чоралари қўлланмайди.
Қарордан кўзланган мақсад эса 2026-2030 йилларда электрон тижорат айланмасини 30 триллионга етказиш, 7 ярим мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш ҳамда умумий қиймати 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдир.
Бунда шунингдек, айрим турдаги товарларни импорт қилишда ягона бож тўловини жорий этиш орқали ташқи савдо операцияларини тартибга солиш ҳам кўзланган.
ЎзА