Электрон меҳнат дафтарча:у қандай жорий этилади?
Термизда “Ягона миллий меҳнат тизими“ идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш тартиб-таомилларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Термизда “Ягона миллий меҳнат тизими“ идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш тартиб-таомилларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган тадбирда вилоятдаги 200 га яқин ташкилот, муассаса ва идоралар раҳбарлари, ходимлар билан ишлаш ва ахборотлаштириш бўйича масъуллари иштирок этди.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда сўнгги йилларда бошқарувни рақамли технологияларга асослантиришга қаратилаётган эьтибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Мамлакатимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“, деб ном берилганида ҳам чуқур маьно борлиги қайд этилди.
Семинарда жорий йил 1 январдан янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби йўлга қўйилгани хусусида фикр алмашилди.

– Бу тизим замонавий ахборот коммуникация технологияларидан янада самарали фойдаланишга кенг имконият яратди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўлими бошлиғи Ш.Эшов. – “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси меҳнат шартномаларини электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш (ўзгартиришлар киритиш, меҳнат шартномаларини бекор қилиш) имкониятини бермоқда. Иш берувчилар таркиби (штат жадвали) бўйича электрон маълумотлар базаси, электрон меҳнат дафтарчасида фуқароларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, ходимларнинг миқдорий ва сифат таркиби, бўш иш ўринлари тўғрисида аниқ, ошкора маълумотлар яратилади.
Вилоятда янги йилнинг илк кунларидан рўйхатдан ўтказилаётган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтарчаси жорий этилаётгани диққатга сазовор.

Мазкур дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар иш берувчилар учун мажбурий бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепулдир. Келгусида бу тизимга жисмоний шахслар билан алоқадор барча тармоқларни электрон боғлаш режалаштирилган.
Тадбирда мутахассислар томонидан my.mehnat.uz тизимида меҳнат шартномаларини тузиш, бекор қилиш ва қўшимча келишувларни рўйхатдан ўтказиш каби масалалар юзасидан атрофлича маьлумот берилди.
Вилоятнинг барча туманларида худди шундай семинар машғулотлари ташкил этилади.
