Электр таъминотида узилишлар бўлмайди
Мамлакатимизда аҳоли, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, жорий йил аввалида аномал совуқ барча соҳаларда ҳал этилиши лозим бўлган муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Шу боисдан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали томонидан 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини комплекс тайёрлаш бўйича туманлар кесимида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Бунда 0,4-110 кВли 1399,5 км электр тармоқлари ҳамда 365 дона трансформаторни мукаммал таъмирлаш ва 3229,1 км электр тармоғи ва 909 дона трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш режалари ишлаб чиқилган.
Бу ҳақида филиал томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
– Бугунги кунда 482 км 0,4-110 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари, 2 дона 35-110 кВли нимстанция ҳамда 143 дона трансформатор пунктлари мукаммал, 510,1 км 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари, 8 дона нимстанция ва 155 дона трансформатор пунктлари жорий таъмирланди, – дейди филиал директори ўринбосари Мирзоҳид Зарипов. – Жорий йилда аҳоли истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида корхонада 25 дона ҳар хил қувватли трансформатор ва 50 тонна трансформатор мойи захираси яратилган. Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги 375,5 км узунликдаги 0,4-10-35 кВли кучланишли электр узатиш тармоқлари тегиб турган дарахт шохларидан тозаланди. Ушбу тармоқлар таъмирланиб, таянчлар оралиғидаги симлар тортилди. Сим, кабеллар захираси яратилди.

Электр тармоқларида юзага келадиган аварияларни бартараф этиш мақсадида 11 та махсус бригадалар ташкил этилиб, улар керакли асбоб-ускуна ва алоқа воситалари ҳамда материаллар билан таъминланди.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилоятида жами 11,2 минг кВтли қуёш панеллари ва 35,6 минг литр қуёш сув иситиш коллектори ўрнатилган. Жумладан, бюджет ташкилотларига 5,5 кВтли қуёш панеллари ва 27,4 литр қуёш сув иситиш коллектори, тадбиркорлик субъектларига 4,4 кВтли қуёш панеллари, аҳоли хонадонлари учун эса 1,3 кВт кичик қувватдаги қуёш фото электр станциялари ва 8,2 минг литр қуёш сув иситиш коллектори ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, аҳоли пунктларининг кўча йўлакларини ёритиш мақсадида жами қуввати 832 кВт ли қуёш панелли кўча ёритиш чироқларидан фойдаланиб келинмоқда.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилнинг шу кунига қадар филиал томонидан вилоятда қатор дастур ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида 91,7 км ҳаво электр узатиш тармоқлари янгиланган бўлса, 14 дона янги трансформатор ўрнатилди.
А.Бўриев, ЎзА