Электр таъминоти яхшиланмоқда
Сирдарё вилоятида аҳолини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан олиб борилаётган ишлар Президентнинг тегишли қарор ва фармонлари ижроси доирасида тизимли равишда ташкил этилган. Жумладан, вилоятда электр таъминоти энг оғир бўлган 101 та маҳаллада тармоқларни янгилаш ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 270,8 километр электр узатиш тармоқларини тортиш ҳамда 81 та трансформатор пунктини ўрнатиш белгиланган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 89,5 километр электр узатиш тармоқлари тортилиб, 2206 та темир-бетон устунлар ўрнатилди. Шунингдек, 5 та янги трансформатор пункти ишга туширилди.

Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиалида журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Тадбирда филиал раҳбарияти ва соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Шу билан бирга, ҳудудларда электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва технологик йўқотишларни камайтириш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу жараён вилоят ҳокимлиги, прокуратура ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 1149 та трансформатор пунктида назорат тадбирлари ўтказилиб, уларнинг техник ҳолати ҳамда истеъмолчиларга уланиш ҳолати ўрганилмоқда. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
Натижада технологик йўқотишлар сезиларли даражада камайди. 2026 йил май ойи якунига кўра, йўқотишлар даражаси 12,02 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга пасайган.

Шунингдек, филиалда йўқотишларни камайтириш бўйича марказий ишчи гуруҳ штаби ташкил этилиб, назорат ва таҳлил ишлари доимий равишда мувофиқлаштириб борилмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш йўналишида ҳам ижобий натижаларга эришилган. Вилоятда ҳозирга қадар умумий қуввати 73 978 кВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, улар орқали 12,7 млн кВт/соат электр энергияси тармоққа узатилган.
Рақамлаштириш соҳасида ҳам муҳим қадамлар қўйилмоқда. Ҳисобот даврида 56 та концентратор қурилмаси, 126 та алоқа модули ва 922 та замонавий ҳисоблагич ўрнатилди. Шунингдек, 1 118 та ҳисоблагич АСКУЭ тизимига уланди, 1 213 та қурилманинг алоқаси тикланди, 398 та узоқ муддат ишламаган ҳисоблагич қайта ишга туширилди.

Молиявий интизомни мустаҳкамлаш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилган. 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, дебитор қарздорлик 60,3 млрд сўмни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 7,5 млрд сўмга камайган.
Кадрлар салоҳиятини ошириш йўналишида Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали билан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув асосида дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, 34 нафар битирувчи талабалар ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этилиши режалаштирилган.
Мурожаатлар билан ишлаш тизими ҳам алоҳида эътиборда. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, келиб тушган 607 та мурожаатнинг 491 таси, яъни 81 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида вилоятда электр таъминотининг барқарорлиги ва сифати изчил яхшиланиб бормоқда.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА