Электр таъминоти: муаммо, ечим ва самара
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида аҳолининг энг кўп норозилигига сабаб бўлган муаммолардан бири электр энергияси таъминотидаги етишмовчиликлар бўлгани сир эмас.
Мустақилликнинг дастлабки чорак асрида аҳолининг энг кўп норозилигига сабаб бўлган муаммолардан бири электр энергияси таъминотидаги етишмовчиликлар бўлгани сир эмас. Шундай вақтлар ҳам бўлдики, мамлакатимизнинг қишлоқ жойларида бир кеча-кундузда йигирма соатлаб электр энергияси бўлмади, турли тоифадаги чекловлар занжири туфайли айрим ҳудудларда одамлар уч-тўрт кунлаб шам ёқиб ўтирди.
Бунга асосий сабаб демографик жараён билан собиқ тузум давридаги энерготизим ўртасида ўсиб борган номутаносиблик эканлигини ҳамма ҳам тушунавермайди ёки тушунишни истамаганлар ҳам кўп. Зеро, мустақилликнинг илк йилларида республикамиз аҳолиси сони 20,5 миллион кишини ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 34 миллиондан ўтди.

Жумладан, айни пайтда 2 миллион 700 мингдан зиёд аҳоли яшаётган Наманган вилояти электр таъминоти борасидаги муаммолардан мустасно эмас. Вилоятда бугунги кунда шунга мос равишда электр истеъмолчилар сони 552 минг 973, шунингдек, улгуржи истеъмолчилар сони 23 минг 927 ни ташкил этмоқда. Уларга 13 миллион кВ.соат электр энергияси етказиб берилмоқда.
– 2016 йилга қадар йирикроқ лойиҳа ёки дастур амалга оширилмагани, эскириб, хизматини ўтаб бўлган тармоқларни янгилаш, янгиларини қуриш, манбаларни аҳоли ва улгуржи истеъмолчилар сонига мутаносиб равишда ривожлантириб борилмагани вилоятимизда ҳам электр энергияси таъминотида мураккаб вазиятларга сабаб бўлди, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ раҳбари Ж.Риззаев. – Биргина 2019 йил давомида “Наманган ҲЭТК” АЖ томонидан “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурларига асосан вилоят бўйича 188 та трансформатор пункти ўрнатилди. 9 минг 657 та темир бетон таянч ўрнатилиб, 349 километрдан зиёд узатиш тармоғи тортилди. 1 минг 211 километрдан ортиқ 0,4-110 кВли электр узатиш тармоғи, 74 та 35-110 кВли ўчиргич, 6 та 35-110 кВли нимстанция, 5 та110 кВли куч трансформатори, 537 дона 6-10/0,4 кВли трансформатор пункти ҳамда 282 та тармоқ трансформатори мукаммал таъмирланди.

Ўтган йилдан бошлаб акционерлик жамияти тизимида ташкил этилган “Темир бетон таянч” корхонасида темир бетон таянчларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 25 нафар киши иш билан таъминланган корхонада ҳозирда кунига 56 та темир бетон таянчи тайёрланиб электр хўжалиги эҳтиёжига етказиб берилмоқда. Мазкур маҳсулотнинг маҳаллийлаштирилиши натижасида эҳтиёж тўла қопланиб, иқтисодий тежамкорликка ҳам омил бўлаяпти. Чунки, авваллари темир бетон таянчларни етишмаслиги, ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан талаб қилинган муддатга етказиб берилмаслиги, узоқ масофадан ташиб келтириш харажатлари жиддий муаммо бўлган. Темир бетон таянчларнинг корхонанинг ўзида ишлаб чиқарилиши ҳисобига ўтган йилнинг ўзида 6 миллиард сўмдан кўпроқ маблағни тежаб қолишга эришилди.
Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилда электр энергиясини электр тармоқлари бўйлаб узатиш ва тақсимлашда технологик йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида 744,7 километр тармоқда модернизация ва янги қурилиш ишлари олиб бориш, 364 та трансформатор пункти ўрнатиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, тизимда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими – АСКУЭ ни вилоят миқёсида жорий этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Айни пайтда 1034 та тизимни назорат қилиш концентратори ўрнатилди. Мингбулоқ, Чуст, Янгиқўрғон туманларида ҳисоблагичларни алмаштириш ишлари давом эттирилмоқда. 2020 йил якунига қадар 398 минг 130 дона ақлли ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган.
Акционерлик жамиятида иқтисодий тежамкорлик йўлида кўрилган яна бир амалий чора диққатга сазовор.

– Авваллари 0,4-10 кВли электр қурилмаларини реконструкция ва модернизация қилиш учун лойиҳа ҳужжатлари буюртма асосида лойиҳалаш институтлари томонидан бажарилар эди, – дейди жамият бош муҳандиси Р.Мирзаев. – Биргина 2018 йилда шундай лойиҳа ҳужжатларига жамиятимиз томонидан 1,7 миллиард сўм маблағ сарфланган. 2019 йилдан бошлаб лойиҳа ҳужжатлари ўзимизнинг лойиҳалаш бўлимларида тайёрланмоқда. Натижада, масалан ўтган йилда 349,3 километр электр узатиш тармоғи ва 192 та трансформатор пунктини лойиҳалаш учун 300 миллион сўм маблағ сарфланиб, 1,4 миллиард сўм маблағ корхона фойдасига иқтисод қилиб қолинди.