Электр ҳисоблагичлар янгиларига алмаштирилмоқда
“Навоий ҳудудий электр тармоқлари” АЖда “Энергетика тизими: ислоҳотлар йўлида” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган матбуот анжуманида 2022 йилда режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида сўз борди.
Бугунги кунда акционерлик жамияти ҳисобида жами 13 минг 412 км 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари, 95 дона нимстанциялар, 3 минг 621 дона 6-10/0,4 кВли трансформатор пункти мавжуд.
– 2021 йилда 1333 км электр узатиш тармоқлари, 5 дона нимстанция, 343 дона трансформатор пунктларида мукаммал ҳамда 2926,5 км ҳаво электр узатиш тармоқлари, 50 дона нимстанция, 826 дона трансформатор пунктларида жорий таъмирлаш ишлари тўлиқ якунига етказилди, – дейди “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” АЖ иқтисодий масалалар бўйича директори Меҳриддин Зарипов. – Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2021 йил режасига асосан 986,7 км электр узатиш тармоқлари ва 210 дона трансформатор пунктида модернизация ва янгидан қуриш ишлари амалга оширилди.
Навбаҳор, Кармана Нурота, Конимех туманларидаги 25 минг 400 нафар истеъмолчи ва 1100 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг электр таъминоти яхшиланди.
Ҳозирда “Хатирчи КСЗ”, аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг ташқи электр таъминоти учун 110/10 кВли “Марказ” подстанциясига қуввати 2 та 16 мВА бўлган куч трансформаторлари ўрнатилган бўлиб, қурилиш ишлари давом этмоқда. Бунинг натижасида 9 минг 300 нафар истеъмолчилар ва 700 та тадбиркорлик субъектининг электр таъминоти яхшиланади.
Таъкидландики, 2022-2026 йилларда Навоий вилояти ҳудудида электр энергия таъминотини барқарорлаштириш мақсадида қарийб 1756 км электр тармоқлари ва 872 дона трансформатор пунктларини янгидан қуриш, 3217 км электр тармоқлари ва 377 дона трансформатор пунктларида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш мақсадида 974,7 км электр узатиш тармоқлари ва 250 дона трансформатор пунктини модернизация ва янгидан қуриш режалаштирилган.
[gallery-6555]
Бундан ташқари, ишлаб чиқарилган режага асосан 21 та оғир ҳудуддаги маҳаллаларда 36 та трансформатор пунктлари ва 82,2 км тармоқ қуриш ишлари режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 15 дона трансформатор пункти ва 49,7 км электр тармоқлари модернизация ва реконструкция қилинди.
Манзилли дастурга асосан, эса 2022-2026 йилларда қарийб 4973 км электр узатиш тармоғи, 1235 дона трансформатор пункти ва 14 та нимстанцияни реконструкция ва модернизация қилиш, 114 минг 373 донадан ортиқ темир бетон устунларини ишлаб чиқариб, ўрнатиш режалаштирилган.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими” (АСКУЭ) ни 2020-2021 йиллар давомида жорий этиш юзасидан тасдиқланган режага асосан вилоят бўйича 260 минг 941 дона ҳисоблагичлар алмаштирилди, – дейди АЖ ишлаб чиқариш техника бўлими бошлиғи Ҳусниддин Худжаев. – Бундан ташқари 3073 та ҳисоблагичга маълумотларни йиғиш ва узатиш концентраторлари ўрнатилди. Бугунги кунда ушбу тизим орқали барча электр ҳисоблагичлар кўрсаткичлари онлайн тарзда олиниб, ҳисоб-китоблар шу маълумотларга асосан юритилмоқда.
Ушбу ҳисоблагичлардан ноқонуний фойдаланиш ёки ташқи тaъсир ўткaзиш мумкин эмас. Агарда шундай ҳoлaтлaр юзaгa келсa, ҳисоблагич дaрҳoл электр энергияси таъминотини тўхтатади вa тизимгa xaбaр жўнaтади. Электр тармоғи корхонаси ходими муаммони жойида ўрганиб, тегишли далолатнома тузади ва камчиликларни бартараф этиб, қайта тармоққа улаб беради.
Ушбу тизимнинг қулайлиги шундаки, электр энeргиясидан қарздорлик юзага келганда, тизим автоматик равишда тармоқдан узилади. Истеъмолчи томонидан куннинг исталган вақтида тўлов амалга оширилганда автоматик тарзда тармоққа қайта уланади.