Электр энергияси таъминоти тикланмоқда
Мамлакатимизда амалда бўлиб турган карантин ҳолати ва у билан боғлиқ айрим тартиб ва чекловлар сабаб аксарият юртдошларимиз уйидан чиқмаяпти.
Мамлакатимизда амалда бўлиб турган карантин ҳолати ва у билан боғлиқ айрим тартиб ва чекловлар сабаб аксарият юртдошларимиз уйидан чиқмаяпти.
Очиғи, коронавирус аталмиш балони енгишда асосий – уйдан чиқмаслик талаб этиб турилган бир пайтда ўйинқароқ, тартиб ва чекловларни тушунтиришимиз бироз мушкул бўлган болажонларни уйда тутиб туриш бироз қийин, албатта. Инчинун, уйингизда электр энергияси бўлмаса. Янаям оддийроқ қилиб айтганда, дарс машғулотларини телевидение орқали кузатиб бораётган ўқувчи-ёшларни электрсиз шундан ҳам мосуво қилиш уларга қаттиқ таъсир кўрсатади.
Тўғри, айни синовли, пандемия ҳеч бир соҳани четлаб ўтмаётган, айниқса, дунё иқтисодиётига салбий жиҳатдан жиддий таъсир ўтказиши тахмин қилинаётган бир пайтда электр энергияси барқарорлиги ҳар қачонгидан муҳим. Лекин гап келажак авлод тарбияси, эртамиз давомчилари ҳақида борар экан, биргина электр энергияси билан боғлиқ сабаб туфайли уларнинг таълим-тарбиясида узилишлар бўлишини оқлаб бўлмайди.
Апрель ойида ҳеч кутилмаганда қор ёғиши, ортидан давом этган ёғингарчилик ва кучли шамол биз хоҳламаган айни бир ҳолат – электр энергияси таъминотидаги узилишларга сабаб бўлди. Жумладан, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги қатор ҳудудларда ҳам ушбу ҳолатлар сўнг авария ҳолатлари қайд этилиб, таъминотда узилишлар кузатилди.
Айни карантин ҳолатидан келиб чиқиб, шу соҳа масъули сифатида тезкор чоралар кўриш, жамоамиз билан авария ҳолатларини имкон қадар тез бартараф этиш, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлашга киришдик.
Тан олиш лозим, туманимиздаги юқори ва паст кучланишли ҳаво тармоқлари ҳудудининг аксариятида тизим ходимларининг айрим хатоси туфайли мана шу ҳолатлар кузатилди. Айни пайтда корхона масъуллари бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда келгусида электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш мақсадида туну кун меҳнат қилмоқда.
Ёғингарчилик, юқори намлик даражаси бўлишига қарамай жойларда электр тармоқларига халақит берувчи омиллар бартараф этилмоқда. Яъни, электр ҳаво тармоқлари яқин бўлган дарахтлардан тозаланиб, турли кўнгилсиз ҳолатлар юз беришининг олди олинмоқда.
Айни дамда тозалаш тадбирлари туманнинг Зебунисо, Ботаника, Ёшлик, Ёнариқ, Шалола, Байтқўрғон ва Қипчоқ маҳаллаларида корхонанинг 30 нафарга яқин ишчи-ходимлари томонидан олиб борилаётир.
Мабодо айни дам хонадонингизда электр энергияси бўлмаса, асло хавотирга тушманг. Туман электр таъминоти корхонаси тезкор бригадалари томонидан авария ҳудудларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилиб, узилишларга барҳам берилмоқда.
Р. Раупхўжаев,
Қибрай тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари