Электр энергияси таъминоти: куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилди
Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан вилоятдаги истеъмолчиларга белгиланган тартибда электр энергияси етказиб берилмоқда. Умуман, вилоятда истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг сифатини янада яхшилаш, қолаверса, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
– Асосий мақсадимиз, истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Машъалбек Ҳожиматов. – Бу борада мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда, юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2026-2027 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоятда 2 минг 368,9 километр узунликдаги электр узатиш тармоғи, 870 та трансформатор пункти мукаммал, 4 минг 126,4 километр узатиш тармоғида, 1 минг 703 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Амалга оширилган ишлар натижасида тармоқ куз-қиш мавсумига тайёр ҳолга келтирилди. Бундан ташқари, филиал тасарруфидаги барча электр қурилмалар кўрикдан ўтказилди. Иш ҳолати бўйича ўрганишлар давомида таъмирга муҳтож 2 минг 877 та трансформатор пункти, 2 минг 876,6 километр электр узатиш тармоқлари борлиги аниқланиб, улар “қизил” ва “сариқ” тоифаларга ажратилди. Таъмирталаб трансформатор пунктлари ва узатиш тармоқлари таъмирланиб, барчаси “яшил” тоифага ўтказилди.


Бу каби ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида белгиланган тартиблар асосида амалга оширилди. Масалан, Андижон шаҳар, “Яхши” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қуввати 400 кВА бўлган 62-сонли трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 100 дан зиёд аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.


Шунингдек, Избоскан тумани, “Гуркиров” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган қуввати 250 кВА бўлган 158-сонли трансформатор пунктида ҳам мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 100 га яқин аҳоли хонадонлари, 3 та ижтимоий соҳа объектининг электр энергияси таъминоти янада яхшиланди.
Андижон туманидаги “Оби ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 5,5 минг нафардан ортиқ аҳолининг электр энергияси билан таъминловчи тармоқларда ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Хусусан, “Ташкелик” подстанциясидан чиқувчи 10 кВА кучланишли “Толмозор”, “Кўтарувчи”, “Кучли”, “МТЗ” ва “Барака” электр узатиш тармоқларидаги темир таянчлар коррозияга қарши ҳимояланиб, гидроизоляция ишлари бажарилди. Шунингдек, шикастланган изоляторлар алмаштирилди, узатиш тармоқлари дарахт шохларидан тозаланди.

Филиал томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, турли носозликлар юзага келган тақдирда уларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида зарур жиҳоз ва материаллар захираси яратилди. Хусусан, марказий омбор ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда ҳар хил қувватдаги трансформаторлар, трансформатор мойи, очиқ сим, кабель, темир-бетон устунлар, изоляторлар, автомат сингари бошқа зарур жиҳозлар захира сифатида олиб қўйилди.
Вилоят бўйича юзага келадиган авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш мақсадида таъмирлаш бригадалари ташкил этилиб, ушбу бригадаларга тажрибали муҳандис ва техник ходимлар ҳамда зарур техника воситаси бириктирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири