Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 30,6 миллиард кВт⋅соатдан ошди
Энергетика соҳасида мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини ҳамда аҳоли, саноат тармоқларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил давом этмоқда.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2026 йилнинг январь-апрель ойлари якунларига асосан республикада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 30 миллиард 653,5 миллион кВт⋅соатни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан1 миллиард 793 миллион кВт⋅соат ёки 6,2 фоиздир.
Ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши билан бир қаторда ички истеъмол кўрсаткичларида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Мазкур даврда республика истеъмолчиларига жами 29 миллиард 517 миллион кВт⋅соат электр энергияси етказиб берилди. Бу эса 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллиард кВт⋅соатга кўп, яъни 4,6 фоиз ўсишни ташкил этади.
Умуман олганда, келтирилган кўрсаткичлар мамлакат энергетика тизимида ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасида мувозанат таъминланаётгани ҳамда тармоқда барқарор ўсиш тенденцияси давом этаётганини яққол намоён этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА