Электр энергияси бўйича ўғрилик фош этилди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтказилган навбатдаги назорат рейди давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ йирик қоидабузарлик аниқланди. Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали маълум қилди.
Электр энергиясидан қонуний ва оқилона фойдаланиш нафақат истеъмол маданияти, балки электр таъминоти тизими барқарорлигини таъминлашнинг ҳам муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Аммо Гулистон шаҳридаги “С.Р.С” хусусий корхонаси масъуллари бу борадаги талабларни четлаб ўтган.

Назорат тадбири давомида корхонада ўрнатилган электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилиб, унинг ички схемаси ўзгартирилгани аниқланди. Бу эса истеъмол қилинган электр энергиясини тўлиқ ҳисобга олиш имкониятига таъсир қилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 2 миллиард 86 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Бу рақамнинг ўзиёқ электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ортида қанчалик катта иқтисодий зарар ётганини кўрсатади. Ҳисоблагичга аралашиш ёки электр энергиясини яширин равишда истеъмол қилиш нафақат таъминот корхонасига, балки электр тармоқларининг барқарорлиги ва бошқа истеъмолчилар манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу боис электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, қоидабузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида бундай рейд тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мутахассислар томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларининг асосий мақсади истеъмолчиларни жазолаш эмас, балки электр энергиясидан қонуний ва оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ресурсларнинг асоссиз сарфланишининг олдини олиш ҳамда электр таъминоти тизимида барқарорликни таъминлашдан иборат.

Шуни унутмаслик керакки, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш арзон “тежам” эмас, унинг оқибати эса анча қимматга тушиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири