Электр энергия таъминотида муаммо бўлмайдими?
Қиш эшик қоқиб, совуқ кунлар бошланди. Мамлакатимиз жанубидаги иссиқ воҳа – Сурхондарёдаги тоғлар ва тоғ этакларидаги туман-у, қишлоқлар ҳам оппоқ қорга бурканди. Термиз шаҳрида қор ёғмаган бўлса ҳам совуқ шамол этни жунжиктиради. Ўтган йилги мавсумда энергия таъминотидаги узилишлар ҳақида постлар қўйиб, ижтимоий тармоқларни “обод” қилган сурхонликлар ҳам ҳозирча жим.
Қишли-қировли фаслнинг илк кунида Сурхондарё вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси –матбуот котиби Муродбек Давлатов билан ўтган йилги совуқ кунларни эслаб, бир пас суҳбатлашдик. Гурунг орасида Муродбек Давлатов “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий филиалининг қиш фаслида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа обьектларини барқарор энергия билан таъминлаш бўйича шу йил амалга оширган ишлари ҳақидаги маълумотни қўлимга тутқазди.
– Рақамларга эътибор берсангиз электрикларимиз ўтган йилги камчиликларидан тўғри хулоса чиқарган кўринади, – дейди М.Давлатов. – Бу йилги совуқ кунларда насиб бўлса, ўтган йилдагидек салбий фикрлар бўлмайди. Вилоят раҳбари ҳам бу масаланинг сўровини қаттиқ ушлаган. Шунингдек, янги трансформатор, қўшимча устун ва барча турдаги эҳтиёт қисмлар билан таъминланишига ҳам кўмаклашмоқда. Соҳада яхши ўзгаришлар бўлди, устоз. Тўғри, ҳали ҳам айрим ҳудудларда камчиликлар бўлиши мумкин. Иш шундай давом этса, бу нуқсонлар ҳам бартараф этилади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Сурхондарё ҳудудий филиали маълумотларига кўра, воҳада аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларининг электр таъминотини янада яхшилаш учун 360 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 645 километрдан ортиқ ҳаво электр тармоқлари янгиланди. Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 39 та трансформатор ўрнатилиб, 177,7 километр электр узатиш тармоғи тортилди. Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш орқали аҳолига қулай шароитлар яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори доирасида 41 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 133,7 километр электр тармоғи янгиланди. “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари дастури доирасида 14 та трансформатор ўрнатилиб, 7,8 километр ҳаво тармоғи, махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига мувофиқ 14 та трансформатор, 27 километр ҳаво тармоғи тортилди.
Жорий йил 17 июнда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қарори билан “Маҳаллаларда биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган. Унда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш учун 240 та трансформаторни янгилаш, 366,8 километр электр тармоқларини янгидан тортиш режалаштирилган. Дастур доирасида ҳозиргача 237 та трансформатор пункти ўрнатилиб, 222,9 километр электр тармоқлари янгиланди. Вилоятда эскирган трансформатор ва ҳаво тармоқлари янгиланаётгани изғиринли кунларда кутилмаган авариялар содир этилишининг олдини олади, албатта. Бироқ, қишли-қировли кунларда фавқулодда авариялар бўлмаслигига ҳам ҳеч ким кафолат бермайди. Шу боис кутилмаганда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни бартараф этишга қандай ҳозирлик кўрилди?
Бу масаланинг ечимини топиш учун вилоят электриклари мавсумда содир этилиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, аварияларни тезкор бартараф этиш учун ҳудудларда 89 та махсус бригада ташкил этиб, уларга 447 нафар тажрибали ходимни бириктирган. 47 та махсус ва ёрдамчи транспорт ажратилган. Шунингдек, 101 та тармоқ трансформатори, 20 тонна трансформатор мойи, 150 та темир-бетон устун ва 7,6 тонна сим ҳамда 7 минг 569 дона бошқа эҳтиёт қисмлар захираси яратилган. Жанубдаги воҳада қишнинг қировли кунлари энди бошланмоқда. Нурчиларнинг йил бўйи мавсумга кўрган тайёргарлиги ва изғиринли кунларда авариялар юз берса, уни тезкор бартараф этадиган бригадалар маҳоратига баҳони истеъмолчилар беради.
Шу кунларда вилоят энергетиклари электр энергиясидан тежаб фойдаланиш, энергия хавфсизлигига қатъий амал қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири