Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида тўпурарлар орасида яққол пешқадамга айланди
Туркия Суперлигасининг 17-тури доирасида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Газиантеп” жамоасини қабул қилди. Учрашув мезбонлар учун муваффақиятли якунланиб, истанбулликлар рақибини 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
Беллашувнинг 21-дақиқасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов аниқ зарба билан ҳисобни очди. Орадан беш дақиқа ўтиб, меҳмонлар сафида Дрисса Камара ҳисобни тенглаштиришга эришди. Бироқ “Газиантеп” футболчиларининг қувончи узоққа чўзилмади.
29-дақиқада Аббосбек Файзуллаев ўз маҳоратини намоён этди. Ҳимоячилардан чаққон ҳаракат қилган ҳужумкор футболчимиз тўпга биринчи бўлиб етиб келиб, мураккаб вазиятда аниқ зарба йўллади ва жамоасини яна олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда ҳам “Истанбул Башакшеҳир” устунлиги сақланиб қолди. “Газиантеп” ҳимоячиси Арда Кизилдағ мезбонлар ҳужумини қайтариш чоғида тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Орадан ўн беш дақиқа ўтиб эса Элдор Шомуродовнинг аниқ узатмасидан кейин Умут Гюнеш гол уриб, ҳисобни йириклаштирди. Учрашувдаги сўнгги гол Иван Брнич ҳисобига ёзилди — 5:1.
Ушбу ғалабадан кейин Нури Шаҳин шогирдлари очколари сонини 23 тага етказиб, ўзидан юқорида турган “Газиантеп” ва “Кожаэлиспор” жамоалари билан тенглашди. Тўплар нисбатига кўра, “Истанбул Башакшеҳир” еттинчи ўринга кўтарилди ва мавсумнинг иккинчи ярмида Еврокубоклар йўлланмаси учун кураш олиб бориш имкониятини сақлаб қолди.
Қувонарлиси, Элдор Шомуродов Суперлигадаги тўпурарлар пойгасида 12 та гол билан яққол пешқадамга айланди. Унинг асосий рақиби Пол Онуачу ҳисобида 11 та гол мавжуд бўлиб, “Трабзонспор” ҳужумчиси Нигерия терма жамоаси йиғини сабаб сўнгги турларда майдонга тушмади.
Шу тариқа, Элдор Шомуродов Туркия чемпионатининг биринчи қисмини энг яхши тўпурар сифатида якунлади. “Олтин бутса” соврини учун курашда “Галатасарой” футболчиси Мауро Икарди ҳамда “Фенербаҳче” легионери Талиска ҳам 9 тадан гол билан даъвогарлар сафида қолмоқда.
Учрашувдан сўнг бир қатор нуфузли порталлар ҳамюртларимизнинг ўйинини юқори баҳолади. Хусусан, “FotMob” Элдор Шомуродовга 8,5, Аббосбек Файзуллаевга 8,3 балл қўйган бўлса, “Sofascore” А.Файзуллаевнинг ҳаракатларини 9,3, Э.Шомуродовнинг ҳаракатларини 7,9 баллга баҳолади. “Flashscore” нашри эса Аббосбек Файзуллаевга 8,2, Элдор Шомуродовга 8,0 балл қўйди.
Шунингдек, Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаев Туркия Суперлигаси 16-турининг рамзий жамоасига киритилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА