Эл севган санъаткорлар Фарғонада
Ўзбек миллий академик драма театри ижодий жамоаси Фарғона вилоятида бўлиб, улар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Сўх тумани бугун улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Одамларнинг турмуш даражаси яхшиланиб, онги тафаккурида ҳам ўзгаришлар рўй бермоқда.
Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев бошчилигидаги бир гуруҳ санъат арбоблари мазкур туманда бўлди.
Туман маданият марказида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда сўз олган санъаткорлар Сўх тумани, унинг халқи ва Президентимиз томонидан ушбу сўлим гўшага берилаётган эътибор ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида қўшиқлар ижро этилди, спектакллардан бир нечта саҳналарни намойиш этдилар, драматик асарлар қаҳрамонларининг монологларини айтиб беришди.
Самимий тилаклар, турли чиқишлар, дилтортар тароналарга бой бўлган кечада барчада катта тассурот қолдирди.
Санъаткорлар янги бунёд этилган Алишер Навоий номидаги ёшлар илмий-ижодий маркази фаолияти билан танишди. Бу ерда истеъдодли ёшлар билан ўтказилган мулоқот шукуҳли кечди.
- Сўхнинг ўзига хос об-ҳавоси ва сўлим табиати кишини ўзига ром этмасдан қолмайди,-деди Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов.-Бу зеболик ҳар бир ижодкор учун чинакам ижод манбаи ва илҳом сарчашмасидир.
М. Сулаймонов, ЎзА