Эл бошига иш тушганда
Бугун юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ва хайрли иш меҳр-оқибат билан йўғрилган, десам муболаға бўлмас.
Депутатлик – масъулияти
Бугунги синовли кунларда халқимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр-саховат кўрсатиш, айнан улар сайлаб қўйган ҳар бир халқ вакили бўлган биз депутатларнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим.
Бугун юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир эзгу ва хайрли иш меҳр-оқибат билан йўғрилган, десам муболаға бўлмас. Аммо эл бошига иш тушган бугунги синовли кунларда инсоннинг инсонийлик жиҳатлари яна бир бор намоён бўлаётир. Президентимиз халқимизнинг инсонпарварлик намуналарини инобатга олган ҳолда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари суриб, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини умумхалқ ҳаракати орқали қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркор, раҳбар, депутат ва қолаверса кенг жамоатчилик вакилларини фаолликка чорладилар.
Сирдарё вилоятида ҳам ушбу улуғвор ишларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган халқ вакиллари эзгу ташаббус йўлида бирлашиб ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, имконлари қадар уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашмоқда.
Жумладан, халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутати Алибек Аманлиқов ўзи сайланган округ аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилада вояга етмаган фарзандлар ва ногиронлиги бор ҳамда бугунги кунда ишсиз эҳтиёжманд оилаларнинг 80 нафарига ўз ҳисобидан 3 миллион 250 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини улашди.
“Ёрдамга, меҳрга муҳтож инсонларга ҳар томонлама кўмак бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш халқимизга хос эзгу фазилат”, дея Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Дилором Холматова эса Улуғ йўл маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи оилаларга 10 миллион сўмлик ун маҳсулотлари тарқатди.
Инсон қалбига қувонч улашиш, улар дардига шерик бўлиш улуғвор иш. Ана шу эзгу амал йўлида Сайхунобод туман Кенгаши депутати Гавҳар Ҳусанова ҳам тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 11 нафар ногиронлиги бор оилаларга 6 миллион 300 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилди.
Ватанимиз эртаси, келажагимиз эгаларига илмли, шижоатли ва ўз тақдирини юрт тақдирига дахлдорликка ҳис этишга ундаган Сардоба туман кенгаши депутати Марварид Кенжаева эса ўзининг шахсий кутубхонасидан 20 нафар ўқувчи ёшларга бадиий адабиётлар билан бирга 800 минг сўмлик бирламчи истеъмол маҳсулотларини ҳам совға қилди.
Ҳақиқатдан ҳам, меҳнаткаш халқимизнинг асл соф инсонийликка ва оқибатга йўғрилган ишлари таҳсинга сазавор дейишга арзийди. Шундай экан, атрофимиздаги меҳрга, кўмакка муҳтож инсонлардан, қўни-қўшни, жон-жигарларимиздан ўз саховатимиз, ёрдамимизни аямайлик, ҳурматли депутатлар.
Дилобар КАТТАБЕКОВА,
Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Сирдарё вилояти кенгаши матбуот котиби