ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА
Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз муҳим чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ташаббускор депутатлар халқ билан бирга
Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз муҳим чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Аҳоли карантинга жалб этилган ана шу кунларда жойларда маҳаллий ҳокимият вакиллари, сектор раҳбарлари, сиёсий партиялар, депутатлар, саховатпеша тадбиркорлар уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Халқ депутатлари Қоровулбозор туман Кенгаши депутати, “Қоровулбозор тонги” газетаси муҳаррири Баҳром Солиев ҳам ана шундай хайрли тадбирга ўз ҳиссасини қўшди.
Журналист томонидан газетанинг 28 март кунидаги махсус сони 3000 (8 саҳифадан иборат) нусхада чоп этилди. Тумандаги мавжуд еттита маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолига ҳамда корхона-ташкилотларга бепул тарқатилди.
Тумандаги ҳар бир ҳудудга 250-400 нусха атрофида газета муштарийларга етказилди. Мазкур жараёнларга туман ҳокимлиги вакиллари, таҳририят ҳамда туман почта алоқа боғламаси ходимлари ҳам ўз ҳиссаларини қўшди.
– Шу куни 1150 нусха газетани ҳамда тиббий ниқобларни мутахассисларимиз ҳамда маҳаллалар раислари билан уйма-уй юриб Қоровулбозор шаҳри ҳудудида жойлашган 3 та МФЙ фуқароларига бепул тарқатдик, — дейди туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Шаҳноза Раҳмонова. — Карантин даврида аҳолининг туман марказига келиб овора бўлмасликлари ва маблағларини тежашларини инобатга олган ҳолда ҳудудларда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Бу жараёнларда саховатпеша тадбиркорлар ўз ҳиссасини қўшди. Шу билан бирга аҳолига бўш вақтини унумли ўтказиш учун ўзининг томорқасидан самарали фойдаланиш кераклиги ҳам тушунтирилмоқда.