Экспортбоп маҳсулотлар улуши кўпайиб бормоқда
Хомашёни чуқур қайта ишлаш, қўшимча қиймат яратиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бугунги иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу борада “BMB Holding” таркибидаги корхоналарда амалга оширилаётган тизимли ишлар мамлакат экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда саноатни модернизация қилиш, маҳаллий хомашёни мукаммал қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган ислоҳотлар амалда ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда “BMB Holding” таркибига кирувчи корхоналар ҳам изчил амалий ишлари билан мазкур йўналишдаги устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Бугунги кунда холдингда мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш асосида қўшимча қиймат яратиш, ташқи бозорларда рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмини босқичма-босқич оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга ошириляпти. Бу эса нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, балки миллий иқтисодиётнинг экспорт имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Айниқса, экспортёр корхоналар томонидан режалаштирилган ишлар қатъий режа асосида давом эттирилиб, ишлаб чиқаришнинг энг муҳим бўғини ҳисобланган хомашё таъминотини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ёндашув ташқи бозорларда талаб юқори бўлган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, маҳсулот сифати ва экспорт географиясини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратади.
Хусусан, Жиззах ва қўшни вилоятларда гилос, олча қабул қилиш пунктлари ташкил этилган. Айни пайтда мавсумий йиғим-терим ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, “BMB Agro Plus” корхонасини юқори сифатли мева хомашёси билан узлуксиз таъминлаш чоралари тизимли йўлга қўйилган.

Энг муҳими, чуқур қайта ишлашга асосланган мазкур ишлаб чиқариш модели маҳсулот таннархи ва қиймати ўртасидаги иқтисодий самарадорликни ошириш билан бирга, экспортбоп маҳсулотлар улушини кўпайтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги ташқи бозорларга чиқиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Зеро, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини оддий хомашё сифатида эмас, балки юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот кўринишида ташқи бозорларга етказиб бериш бугунги иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим талабларидан биридир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири