Экспорт: таҳлиллар, режалар, имкониятлар
Президент топшириғи амалда
Жорий йил 16 январь куни Президентимиз раислигида инвестицияларни кенг жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш борасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги асосий вазифалар муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида харидорлар талабларини ўрганган ҳолда хорижий брендлар билан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш масаласига алоҳида урғу берилди.
Жумладан, Бухоро вилоятида ўтган йилда ҳудудий экспорт ҳажми 263 миллион доллардан ошди. Ўтган йили 139 миллион тўқимачилик, 62 миллион нефть маҳсулотлари, 12,5 миллион мева-сабзавот, 10,5 миллион қурилиш материаллари, 6 миллион ипакчилик, 16 миллион озиқ-овқат, 2,1 миллион чарм ва жун маҳсулотлари, 2,1 миллион фармацевтика, 2 миллион кимё маҳсулотлари, 5,7 миллион электротехника ва 2 миллион АҚШ долларига тенг кўплаб саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Ғиждувон туманидаги пахтачилик кластери тизимидаги ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ўтган йили экспорт ҳажми 40 миллион АҚШ доллардан ошди. Жорий йил бошидан жамиятга олиб келинган янги ускуналар эса ўз навбатида кўрсаткичларни янада кўпайтиришга қаратилган.
– Корхонамиз 2018 йилда ип йигирув ишлаб чиқариш тизимида ташкил этилган, – дейди жамият иш бошқарувчиси Қўзибой Чориев. – Бугунги кунда тайёр маҳсулотгача бўлган поғонани босиб ўтдик. 2025 йилда 50 миллион доллардан ортиқ экспорт қилишни режалаштирганмиз. Хорижий ҳамкорлар билан келишувлар олиб бориляпти. Шунга қараб экспорт географиямизни ҳам кенгайтириш ниятидамиз.
– Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида саккиз йилдан бери ҳамкорлик қилиб келаман. Сўнгги йилларда мамлакатингизда бу соҳа жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Давлат раҳбарининг ишлаб чиқариш корхоналарига тақдим қилаётган имкониятлари натижасида хорижнинг энг сўнгги технологиялари келтириб ўрнатилмоқда. Бу эса сифат самарадорлигини ошириш учун катта аҳамиятга эга. Бугун Ғиждувондаги ушбу корхона ҳам ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, дунёнинг етакчи брендлари билан беллаша оладиган маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда, – дейди туркиялик технолог Муҳаммад Кескин.
Европа стандартлари талабларига жавоб берадиган технологик ускуналар билан жиҳозланган корхона эндиликда янги технологияларни келтириб ўрнатишдан ташқари, маҳсулот сифатини ошириш учун хорижлик мутахассисларни ҳам ишлаб чиқариш жараёнларига жалб қилмоқда.
– Мен беш йилдан бери ушбу корхонада ишлайман, – дейди покистонлик технолог Муҳаммад Суфян. – Ҳозирда экспорт учун қандай маҳсулотларни харидорлар истаяпти, улар кўпроқ нимага эътибор қаратмоқда. Айнан шу масалаларни таҳлил қилиб, маҳсулотларни тайёрлаш бўйича жамиятга яқиндан кўмаклашмоқдаман. Юртингизда текстил саноати жадал суратларда ривожланмоқда. Қисқа фурсатда бундай яхши натижаларни қўлга киритган мамлакат бу Ўзбекистон бўлса керак. Бунинг натижасида ҳозирда маҳсулотлар нафақат Осиё, балки Европа бозорларидан ҳам ўз ўрнини топди. Ҳар бир корхона ўз бренди билан жаҳон бозорлари сари илдам одимлаяпти, деб бемалол айта оламан.
Бухорода экспортёр корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши натижасида жорий йилда 12 турдаги янги маҳсулотларни экспортга йўналтириш орқали қўшимча 25 миллион АҚШ долларлик экспорт қилиш ва жами экспорт қилинадиган маҳсулотлар турини 59 тага етказиш режалаштирилган. Маҳсулотлар сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш мақсадида 97 та корхонада халқаро стандарт ва сертификатлар жорий қилинди. Маҳаллий маҳсулотларни хорижий давлатларда харидоргача етказиб беришни йўлга қўйиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг 10 та савдо уйлари иш бошлади.
2025 йилда вилоят бўйича жами ҳудудий корхоналар маҳсулотлари экспорти ҳажмини 350 миллион АҚШ долларига етказиш, хизматлар кўрсатиш экспортидан 50,0 миллион доллардан ортиқ валюта тушумларини таъминлаш назарда тутилган. Бунда, албатта, вилоятнинг энг илғор туманларидан бўлган Ғиждувоннинг улуши катта.
[gallery-21485]
Умуман олганда, 2025 йилда 194,8 миллион тўқимачилик, 65,9 миллион нефть маҳсулотлари, 24,2 миллион мева-сабзавот, 17,4 миллион қурилиш материаллари, 8,5 миллион АҚШ долларига ипакчилик ва бошқа маҳаллий саноат маҳсулотлари экспорти бўйича корхонабай йўл харита ишлаб чиқилган. Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар эса бу режаларни ортиғи билан уддалашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири