Экспорт салоҳиятини оширишнинг янги имкониятлари муҳокама этилди
Ташқи бозорда рақобат кучайиб бораётган бугунги шароитда маҳсулотни кенг истеъмолчилар аудиториясига етказишнинг янги усулларини жорий этиш тадбиркорлик субъектлари учун муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Рақамли технологияларнинг кенг қўлланилиши эса электрон тижорат ва маркетплейсларнинг ташқи бозорларга чиқишдаги аҳамиятини тобора оширмоқда.
Шу масалалар Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида ўтказилган бизнес-форумда муҳокама қилинди.
«Тадбиркорликни электрон тижорат асосида ривожлантириш: ташқи бозорларга Wildberries савдо платформаси орқали чиқиш имкониятлари» мавзусидаги тадбирда электрон тижоратнинг бугунги ҳолати, маркетплейслар орқали ташқи бозорларга чиқиш, логистика ҳамда тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Форумда 100 дан зиёд тадбиркор, ишлаб чиқарувчи, ҳунарманд, савдо компаниялари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Таъкидланганидек, кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун ташқи бозорларга чиқиш савдо ҳамкорларини топиш, тарқатиш тармоғини шакллантириш, омбор ва логистика масалаларини ҳал этиш каби бир қатор вазифаларни талаб қилади. Электрон тижорат эса ушбу жараёнларнинг айрим босқичларини рақамли муҳитга кўчириш имконини беради.
Бунда ташқи бозорда муайян маҳсулотга бўлган талабни ўрганиш ва ишлаб чиқаришни бозор эҳтиёжларига мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу жиҳатдан электрон тижорат нафақат савдо воситаси, балки бозорни ўрганиш ва бизнес қарорларини қабул қилишда муҳим манба сифатида ҳам хизмат қилиши мумкин.
[gallery-31305]
Электрон савдонинг ривожланиши ҳудудларда кичик ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бандликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Ташқи бозорда маҳсулотга талабнинг ортиши ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бирга, қадоқлаш, омборлаш, буюртмаларни қабул қилиш ва етказиб бериш каби хизматларга бўлган эҳтиёжни ҳам кўпайтиради.
Айниқса, ҳунармандчилик, кичик саноат ва оилавий тадбиркорлик субъектлари учун рақамли савдо каналларидан фойдаланиш маҳсулотларни кенгроқ аудиторияга таклиф этиш имконини яратади.
Форумда рақамли савдода маълумотларга асосланган бошқарувнинг аҳамияти ҳам қайд этилди. Товарнинг сотилиш суръати, харидорлар қизиқиши, талабнинг ўзгариши ва реклама самарадорлиги каби кўрсаткичларни таҳлил қилиш орқали тадбиркорлар ассортимент ва сотув стратегиясини ўз вақтида такомиллаштириши мумкин.
Тадбир давомида жаҳонда электрон тижорат ривожининг ҳозирги ҳолати, Ўзбекистонда электрон савдонинг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари муҳокама қилинди. Мамлакатда омбор ва логистика инфратузилмасини янада ривожлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Амалий қисмда маркетплейсларда ишлаш тартиби, сотувчи сифатида рўйхатдан ўтиш, маҳсулотларни жойлаштириш, буюртмаларни бажариш ва етказиб бериш жараёнлари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, маҳсулотларни рақамли муҳитда илгари суриш, реклама воситаларидан самарали фойдаланиш, сотув кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва ассортиментни бошқариш бўйича тавсиялар тақдим этилди.
Тадбирда маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларни электрон тижоратга жалб этишга қаратилган «Ўсиш платформаси» дастури ҳақида ҳам маълумот берилди.
Электрон тижоратнинг ривожланиши тадбиркорларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, маҳсулот сифати, рақамли маркетинг, логистика ва замонавий бошқарув ёндашувларини такомиллаштиришни ҳам тақозо этмоқда.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА