Экспорт рeжаси 5,9 баравар ортиғи билан бажарилди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан 2022 йил январь-февраль ҳолатига кўра, юқори меҳнат самарадорлиги қайд этилди.
Жумладан, ўтган икки ойда башорат кўрсаткичи бўйича 38,5 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши белгиланган эди. Маррани юқори олган бирлашма меҳнат жамоаси эса 61,9 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган ҳолда режавий вазифа 160,8 фоизга уддаланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, бирлашма меҳнат жамоаси томонидан яна бир диққат молик натижа қайд этилди. Режа бўйича 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши белгиланган эди. Амалда эса 6,3 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, режа 5,9 баравар ошиғи билан бажарилди. Асосий ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кесимида оладиган бўлсак, 178,1 тонна молибден 3 оксиди ишлаб чиқарилиб, режа 107,7 фоизга бажарилган. 115,9 тонна молибден штабиги ва брикети тайёрланиб, режа 106,7 фоизга адо этилган. 177,3 тонна оловбардошли керамик буюмлар ишлаб чиқарилиб, режа 136 фоизга уддаланган. Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш эвазига 80,7 тонна молибден метали тайёрланиб, режа 104 фоизга бажарилган.
Бундан ташқари, бирлашмада маҳаллийлаштириш дастури доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Дастур доирасида ўтган икки ойда 31 та лойиҳа бўйича 12,768 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги» фармони ижроси бўйича 2022 – 2024 йилларга мўлжалланган «Олмалиқ КМК» АЖ «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» ни ривожлантириш ва янги маҳсулотларни ўзлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, мазкур корхонада 4 та йўналиш бўйича жами қиймати 61,52 миллион доллар бўлган 30 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.
ОКМК Ахборот хизмати