Эксперт: 2050 йилга бориб Ўзбекистонда электр талаби 100 ГВтга етиши мумкин
2030 йилгача жаҳонда электр энергиясига бўлган талаб ҳар йили 3,5 фоиздан ортиқ ўсиши кутилмоқда. Энергия тизимларининг барқарорлиги эса фақат янги қувватларни ишга туширишга эмас, балки электр тармоқлари, энергия сақлаш тизимлари ва мослашувчанлик механизмларини ривожлантиришга ҳам боғлиқ. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) ҳисоботида қайд этилган.
Мазкур масала Ўзбекистон учун фақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан чекланмайди, чунки бугунги кунда мамлакат олдида замонавий, ишончли ва барқарор энергия тизимини шакллантириш устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, академик Қаҳрамон Аллаев бу борада муносабат билдирди:
–Дарвоқе, ХЭА хулосалари бўйича электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг ўзи етарли эмас. Қуёш ва шамол энергетикаси улушининг янада ортиши электр тармоқлари инфратузилмаси, энергия сақлаш тизимлари ва мослашувчанлик механизмларини жадал ривожлантиришни талаб қилади. Акс ҳолда, энергия тизими лойиҳалар етишмаслигига эмас, балки ўз инфратузилмавий чекловларига дуч келади.
Айниқса, бу масала Ўзбекистон учун ниҳоятда долзарб. Мамлакатда электр энергияси истеъмоли юқори суръатларда ўсиб бормоқда ва йирик иқтисодий лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши фонида бу ўсиш тенденцияси келгуси йилларда ҳам давом этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил февраль ойида стратегик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ва мамлакат энергия тизими барқарорлигини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилишда давлат энергетикаси ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларига оид муҳим маълумотларни келтирди. Мамлакатда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳар йили 6-8 фоизга ортиб бормоқда. Президент ислоҳотлари доирасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар эса катта ҳажмда электр энергиясини талаб қилмоқда. Соҳадаги инвестиция портфели ҳам кўлами билан эътиборли - умумий қиймати 51,4 миллиард доллар бўлган 133 та лойиҳани қамраб олган.
Бундай шароитда масала энди фақат янги қувватларни ишга тушириш билан чекланмайди. Гап узоқ муддатли истиқболда энергия тизими барқарорлиги қайси манбалар ҳисобига ва қандай шаклда таъминланиши ҳақида бормоқда.
Баҳолашларга кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 53 миллион нафарга етади, электр энергиясига эҳтиёж эса 100 ГВтгача ошиши мумкин. Мамлакат саноати ва қишлоқ хўжалиги жадал ривожланаётгани янги электр ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишни талаб қилади. Афсуски, углеводород захиралари камайиб бормоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари эса аҳамиятига қарамай, узлуксиз ишламаслиги ва қимматлиги сабаб бу масалани тўлиқ ҳал этмайди.
Келгусидаги энергия таъминоти моделида табиий газнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Иссиқлик энергетикасига илгаригидек қарамлик иқтисодиёт учун узоқ муддатли ягона асос сифатида қаралмаслиги керак.
Асосий масала айрим технологиялар ўртасидаги баҳсда эмас, балки турли энергия манбалари ўзаро қандай уйғунлашишида. Қуёш ва шамол энергетикаси келгусида ҳам кенгайиб боради. Бироқ захира қувватлари, энергия сақлаш тизимлари ва барқарор таянч қувватларсиз тизим барқарорлигини таъминлаш мумкин эмас.
Қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш, уларнинг экологик жиҳатдан афзаллигига қарамай, қатор техник чекловлар билан боғлиқ. Асосий муаммо электр энергияси ишлаб чиқаришнинг беқарорлигидадир, шу боис мамлакатда захира қувватларини олдиндан яратиш зарур. 2035 йилгача Ўзбекистонда қарийб 5 минг МВт гидроаккумуляция электр станциялари ва тахминан 4 минг МВт аккумуляторли батареялар барпо этиш режалаштирилган. Бу генерациядаги тебранишларни юмшатиб, энергия тизими ишончлилигини оширади.
Шу ўринда айтиш жоизки, бунда атом энергетикасини қайта тикланувчи манбалар ўрнини босувчи ечим эмас, балки келажакдаги энергия баланси қисми сифатида баҳоланмоқда.
Бу энергия тизимининг барқарор ишлаши ва иқтисодиёт ривожи учун мамлакатимиз қайта тикланувчи энергия манбалари билан бир қаторда асосий ва барқарор энергия манбаи - атом энергиясига ҳам таяниши зарурлигини англатади. Атом энергетикасидан воз кечиш кўмир ва газ импортига қарамликнинг янада кучайишига олиб келган бўлар эди. Бу эса аҳолининг ижтимоий турмуш шароитига, экологияга ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади.
Бундай ёндашув ХЭАнинг халқаро баҳолашларига ҳам мос келади. Агентлик таҳлилига кўра, келажак энергия тизими бир турдаги генерацияга эмас, балки турли ечимлар уйғунлигига таянади. Бунда қайта тикланувчи энергия манбалари ва атом энергетикаси билан бир қаторда электр тармоқларини ривожлантириш, энергия тизимининг мослашувчанлигини таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон учун яқин ўн йилликларда айнан шундай ёндашув энг ҳаётий ёндашув бўлиб кўринади.
2035 йилга бориб, АЭС тўлиқ қувватга чиққанидан сўнг, у йилига қарийб 17,2 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва Ўзбекистон умумий энергия истеъмолининг 14 фоизигача бўлган эҳтиёжини таъминлайди. 2040 йилга келиб атом энергетикаси қуввати 4 ГВтга етади. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, 2050 йилга бориб АЭС қуввати жами 13-15 ГВтгача ошиши керак. Бу эса углеродсиз энергетика ҳамда мамлакат энергетик хавфсизлигининг асоси ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, ХЭА хулосалари мамлакат учун фақат глобал баҳолаш сифатида эмас, балки стратегик қарорлар қабул қилишда амалий асос сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Энди масала яқин йилларда қанча янги қувватлар зарур бўлиши билан чекланмайди, балки асосий эътибор мамлакат ўсиб бораётган юклама шароитида бир вақтнинг ўзида ишончли, мослашувчан ва барқарор энергия тизимини шакллантира олиш-олмаслигига қаратилмоқда.ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.