Экология соҳасида стратегик ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Италия ўртасида экологик соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим меморандум имзоланди.
Давлат экологик экспертизаси маркази ҳамда Халқаро экологик таъсирни баҳолаш ассоциациясининг Италия офиси (IAIA) ўртасида тузилган келишув атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва соҳадаги мутахассислар салоҳиятини оширишга қаратилган.
Тантанали маросимда Давлат экологик экспертизаси маркази бош директори Ғ.Мухамедов, IAIA Италия офиси президенти Ж.Магро, Италия Экология ва энергетика вазирлиги ҳамда ЕХҲТ вакиллари иштирок этди.
Меморандум IAIA томонидан илгари сурилган “Permitting 5.0” халқаро концепцияси ва Экологик бошқарув платформаси доирасида амалга оширилади. Ушбу ташаббус экологик баҳолаш жараёнларининг шаффофлиги, сифати ва самарадорлигини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишни мақсад қилган.
Ҳамкорлик доирасида экологик ҳужжатларни таҳлил қилиш, лойиҳаларни дастлабки баҳолаш ва уларнинг кумулятив таъсирини прогнозлаш жараёнларини автоматлаштириш учун сунъий интеллект воситаларини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, экологик экспертиза соҳасида инновацион технологияларни синовдан ўтказиш, миллий методология ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, мутахассислар учун халқаро тренинг ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Беш йиллик муддатга мўлжалланган мазкур меморандум томонларнинг узоқ муддатли стратегик мақсадлари муштарак эканини кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ташаббус Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва экологик бошқарувнинг замонавий моделларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА