Экологик тоза ҳудудларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар чекланади
Давлатимиз раҳбари жорий йил 14 майда “Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан қандай янгиликлар жорий этилади? Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев шу ҳақда гапириб берди:
– Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳада илмий изланишларни олиб бориш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
“Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунда мазкур ҳудудларни ташкил этиш, бошқариш ва кенгайтириш билан боғлиқ ҳуқуқий асослар белгиланган.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини яратиш ва ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгани натижасида бундай ҳудудлар умумий майдони 6,3 миллион гектарга етказилиб, улар мамлакат ҳудудининг 14,2 фоизини ташкил этади.
Айни пайтда юртимизда 7 та давлат қўриқхонаси, 11 та табиат ёдгорлиги, 12 та буюртма қўриқхонаси, 2 та биосфера резервати, биттадан мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, миллий боғ, Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги мавжуд.
Мазкур ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган умуртқали ҳайвонларнинг 102 тури (83 фоизи), ўсимликларнинг 280 тури (89 фоизи) учрайди.
Кейинги йилларда қатор муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар халқаро тан олинган ташкилотлар рўйхатига киритилди. Жумладан, “Чотқол” давлат биосфера қўриқхонаси ва “Угам-Чотқол” ҳамда “Қуйи Амударё” давлат биосфера резерватлари – ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига; “Сайгачий” мажмуа буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи – Умумжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига; “Қуйимозор” ва “Тўдакўл” сув омборлари, “Судочье” кўллар тизими Ўзбекистон Республикасининг халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқлик ҳудуди сифатида Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилди.
Тоғли ҳудудларнинг мавжуд туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро умуммавсумий курортлар, меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва бошқа туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қўшимча иш ўринларини яратиш мақсадида бир қатор туристик зоналар ташкил этилди.
Шу боис, ҳудудларнинг экологик ҳолатидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосфера ҳавоси, сув, ер, тупроқ, ер қаъри ва биохилма-хилликка, шунингдек, инсон саломатлигига салбий таъсир қилувчи омилларни кескин камайтириш мақсадида экологик тоза ҳудудларни ҳамда рекреация мақсадларига мўлжалланган табиий объект ва мажмуаларни ҳолатига салбий техноген таъсирнинг олдини олиш имконияти бўлган ҳудудларни белгилаш зарурати юзага келди.
Шу сабабли, “Экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиши муносабати билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Мазкур қонун Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 7 - бандида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунга экологик хавфсизликни таъминлаш, курорт ва экотуризм салоҳиятини ошириш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро экологик нуфузини юксалтиришга қаратилган қўшимча киритилди. Қонун янги 411 ва 412-моддалар билан тўлдирилиб, экологик тоза ҳудудлар доирасига аниқлик киритилди.
Қонуннинг Экологик тоза ҳудудларни белгиловчи 411-моддасига кўра, курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналарида жойлашган, атроф табиий муҳитига кўрсатиладиган таъсири йўл қўйилиши мумкин бўлган меъёрлардан ошмайдиган, энергия самарадорлиги юқори инфратузилмалар билан таъминланган, чиқиндиларни самарали бошқариш тизими жорий этилган, юқори рекреация ва экотуризм салоҳиятига ҳамда бой биологик хилма-хилликка эга бўлган ҳудудлар - экологик тоза ҳудудлар ҳисобланади.
Курорт табиий ҳудудлардаги экологик тоза ҳудудлар Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Рекреация зоналаридаги экологик тоза ҳудудлар Туризм қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Экологик тоза ҳудудлар ташкил этилиши ушбу ҳудудларнинг амалдаги ҳуқуқий мақомини ўзгартирмаслиги қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонуннинг 412-моддасида экологик тоза ҳудудларда курорт табиий ҳудудлар ва рекреация зоналари режимидаги чекловлар ҳамда тақиқлар белгиланди.
Унга кўра, экологик тизимларнинг барқарорлиги бузилиши ва табиий ландшафтларнинг кўриниши ҳамда ер ости сувларининг гидрогеологик ҳолати ўзгартирилишига олиб келадиган ишларни амалга ошириш; табиий объектларга ва мажмуаларга салбий таъсир қилувчи саноат объектларининг қурилиши ва фаолият кўрсатиши; рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган пластик маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши; экологик тоза ҳудудлардаги фаолияти натижасида оқова сув ҳосил қилувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш объектлари ҳамда автомобиль ювиш шохобчалари оқова сувларни тозалаш иншоотлари билан жиҳозланиши, тегишли равишда тозаланган оқова сувларни оқизиб юбориш учун оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларига уланиши ёки уларда оқова сувларни тўплаш учун муқобил иншоотлар қурилиши, айланма сув таъминоти жорий этилиши ва улардан самарали фойдаланилиши шартлиги қайд этилди.
Давлат экологик экспертизасининг хулосаси асосида аниқланган муҳофаза этиладиган табиий объектлар ва мажмуаларга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа фаолият турлари тақиқланиши белгиланди.
Қонун экологик тоза ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланиши, уларда экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий объектларни сақлаб қолиш бўйича ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлади. Экологик тоза ҳудудларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни чеклаш, яшил технологияларни жорий этиш ва экологик хавфсиз рекреация ҳамда экотуризмни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига ҳуқуқий замин яратилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун 2026 йил 5 августда кучга киради.
Норгул Абдураимова,
ЎзА