Экологик лойиҳалар ижросини таъминлашда фракциямиз фаол иштирок этади
Давлатимиз раҳбари 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди. Унда атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш каби бир қатор ташаббуслар кўриб чиқилди.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экопартия фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ўз муносабатини билдирди:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026–2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан навбатдаги тақдимот билан танишар экан, тақдимотда ҳаво ифлосланиши, чўлланиш, яшил майдонлар етишмаслиги каби муаммоларни ҳал этишда комплекс ёндашув таклиф этилгани диққатга сазовор.

Айниқса, “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мамлакатимизда экологик вазиятни тубдан яхшилашга хизмат қилади. Саноат, транспорт, қурилиш ва энергетика соҳаларида экологик талабларни кучайтириш, замонавий мониторинг тизимларини жорий этиш орқали аниқ натижаларга эришиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, илгари сурилган ҳар бир ташаббус амалиётга жорий этилса, бу нафақат экология, балки иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Фракциямиз ушбу лойиҳалар ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтиришни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб билади. Депутатларимиз томонидан ҳар бир ҳудудда амалга оширилаётган ишлар юзасидан мунтазам таҳлил ва эшитувлар ўтказилади, масъул идоралар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатилади. Белгиланган кўрсаткичларга эришиш даражаси доимий равишда парламент муҳокамасида бўлади.
Шу билан бирга, фракциямиз томонидан мазкур соҳада қонунчилик базасини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилади. Янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади, амалдаги қонун ҳужжатларига замон талабларидан келиб чиққан ҳолда тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Хусусан, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, чиқиндиларни бошқариш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик таълимни кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий механизмлар такомиллаштирилади.
Экологик маданиятни ошириш, “яшил макон” ва “экомаданият” каби ташаббусларни кенг қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда масъулиятли муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу жараёнда таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан маъқулланган ушбу стратегик йўналишлар мамлакатимизнинг экологик барқарор ривожланишини таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Партиямиз ва партиямизнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ушбу мақсадларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, қонунчилик ва парламент назорати орқали ўз ҳиссасини қўшади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА