Экологик инқироздан барқарор экотизимларни шакллантиришга
Самарқандда бугун иш бошлаган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида “Барқарор ороллар: Амударёнинг қуйи оқими ва Орол денгизи ҳавзасида экотизимини сақлаш” мавзусида анжуман ўтказилди.
Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита томонидан БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва Глобал экологик жамғарма (GEF) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands Project” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир Оролбўйи экотизимларини тиклаш, ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда минтақанинг иқлимий барқарорлигини ошириш масалаларига бағишланди.

Сессия давомида иштирокчилар Оролбўйи минтақасининг экологик инқироздан барқарор экотизимларни шакллантириш босқичига ўтиши, иқлим босими шароитида сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, иқлимга мослашган қишлоқ хўжалигини жорий этиш ҳамда ер деградациясининг нейтрал балансига эришиш бўйича ёндашувларни муҳокама қилди.
Сув-ботқоқли ҳудудлар ва қирғоқ бўйи экотизимларининг биохилма-хилликни сақлаш, экотизим хизматларининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Техник сессия доирасида “Aral Sea Wetlands Project” лойиҳасининг халқаро техник маслаҳатчиси Жошуа Бранн Амударёнинг қуйи оқимидаги экотизими ва барқарор турмуш манбалари аҳамияти ҳақида маъруза қилди. БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси (UNCCD) котибиятининг бош илмий ходими доктор Герман Куст эса ер деградациясининг нейтрал баланси воситалари ва ер ресурсларидан фойдаланишни барқарор режалаштириш ёндашувлари ҳақида сўз юритди.
Очиқ мунозара давомида иштирокчилар ҳамкорликларни кенгайтириш, инновацион ечимларни жорий этиш ва Орол денгизи минтақасида экотизимларни тиклаш бўйича муваффақиятли тажрибаларни кенг кўламда қўллаш истиқболларини муҳокама қилди.

Бугунги тадбирлар давомида БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг (UNECE) Экологик фаолият самарадорлигини баҳолаш дастури доирасида тайёрланган Ўзбекистоннинг Экологик фаолият самарадорлиги бўйича тўртинчи шарҳи (Environmental Performance Review – EPR) тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тўртинчи шарҳ 2025 йил ноябрь ойида UNECEнинг Экологик сиёсат қўмитаси томонидан расман тасдиқланган бўлиб, Ўзбекистоннинг экологик ислоҳотлар, иқлим сиёсати ва барқарор ривожланиш соҳаларидаги ютуқларини акс эттирувчи муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади.
Тақдимотда иштирок этган Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков мамлакатда амалга оширилаётган экологик ислоҳотларнинг изчиллигини ҳамда “яшил” трансформацияни илгари суришда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.

Тадбирда, шунингдек, UNECE Атроф-муҳит ва ўрмон хўжалиги бўлими директори Паола Деда, Германия, Италия ва Швейцария ҳукуматлари вакиллари ҳамда шарҳни тайёрлашда иштирок этган халқаро экспертлар маъруза қилди.
Тўртинчи шарҳнинг асосий хулосалари тақдимоти давомида Ўзбекистонда экологик сиёсат ва ислоҳотлар самарадорлигини баҳолаш натижалари эълон қилинди. Унда мамлакатнинг экологик бошқарув тизимини ривожлантириш борасидаги сезиларли ютуқлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилгани, экологик мониторинг тизимлари ривожлантирилгани, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилаётгани, қайта тикланувчи энергетика лойиҳаларининг илгари сурилаётгани ҳамда биохилма-хилликни сақлаш бўйича чора-тадбирларнинг кучайтирилгани эътироф этилди.

Шарҳ натижаларига кўра, Ўзбекистон Экологик фаолият самарадорлиги бўйича учинчи шарҳ доирасида берилган тавсияларнинг 77 фоизини тўлиқ ёки қисман амалга оширган ёхуд уларни бажариш жараёнида. Янги шарҳ 45 та тавсияни ўз ичига олади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги 12 мақсад бўйича 41 та кўрсаткични қамраб олади.
Тадбир давомида мамлакат экологик сиёсатининг келгуси устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, иқлим бўйича ҳаракатларни кучайтириш, табиатга асосланган ечимларни жорий этиш, экологик бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда 2026-2030 йилларда шарҳ тавсияларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Экологик фаолият самарадорлиги бўйича тўртинчи шарҳини топширишнинг рамзий маросими ҳам бўлиб ўтди. Иштирокчилар халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоатчиликнинг экологик масалалардан хабардорлигини ошириш ва минтақада экологик барқарорликни биргаликда илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири