Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жойларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан жамоатчилик назорати ўтказилмоқда.
Жумладан партиянинг Нукус шаҳар Кенгаши томонидан Атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 2-тоифали саноат корхонаси – “Karakalpak sement” масъулияти чекланган жамиятида масъуллар билан биргаликда корхона ҳудуди ва атрофида “яшил белбоғ” сифатида “Яшил боғлар” ни ташкил этиш бўйича амалга оширилган ишлар мониторинг қилинди. 2025 йилнинг 20-25 март кунлари корхонанинг кўкаламзорлаштириш режалаштирилган, умумий 5 гектардан ортиқ майдонларида юртимизда ўтказилаётган "Яшил макон" дастури асосида баҳорги экиш ишлари олиб борилди. Хусусан, корхона ташқарисидаги бетон автомобиль йўлининг икки томонига, янги тарозихона атрофидаги ер майдонларида эгатлар олиниб, Элликқалъа туманидан олиб келинган ҳар хил манзарали, мевали кўчатлар экилди.Шунингдек, лаборатория биноси атрофига корхонанинг Беруний тумани "Олтинсой" овул фуқаролар йиғинида яшовчи ишчи-ходимларининг шахсий томорқа майдонларида ёввойи ҳолда ўсган тўранғил кўчатлари беғараз олиб келиниб экилди. Жумладан, 400 туп тут, 400 туп гужум, 300 туп нок, 300 туп олхўри, 200 туп олча, 230 туп гилос, 1 минг 170 туп тўранғил, жами 3 минг туп кўчат экилган. Суғориш тизими томчилатиб суғориш орқали амалга оширилмоқда. Корхонанинг фильтр ускуналари замон талабларига мос.

Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар ҳам ўрганилди. Вазирлик ходимининг берган маълумотига кўра жорий йилда 42 минг дарахт кўчатини экиш режалаштирилиб, ҳозирги вақтга қадар 40 минг 170 та, асосан тут, манзарали дарахт кўчати экилган. Кўчатларни парвариши учун ходимлар бириктирилгани натижасида уларнинг ўсиш даражаси яхши. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган 3 гектар ер ариқдан суғорилади. Улар томонидан 1 минг 200 дона тут, катальпа ва мевали дарахт кўчати экилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ажратилган 3 гектар ер майдони ариқдан суғорилади. Жамоа томонидан 650 дона кўчат экилган. Кўчатлар парвариши учун ходим бириктирилган. Кўчатларнинг аксарияти ўзимизда етиштирилган, ҳозир уларнинг ўсиш жараёни яхши. Кўчат захиралари етарли. Аммо умуммиллий лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишларни барча жойда яхши деб айтиш қийин. Айрим вазирликлар, ташкилот, муассаса ва ўқув юртларида экилиб, қаровсиз қолган кўчатларни кўриб, ачинасиз. Улар томонидан экилган кўчатларнинг ҳозирда ўсиш жараёни паст. Уларни парвариш қилиш учун ходим бириктирилмаган.
Жамоатчилик назорати давомида бундай камчиликларни бартараф этиш, экилган ҳар бир кўчат назоратда эканлиги юзасидан тегишли масъуллар қатъиян огоҳлантирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири