ЕИ Украина билан интеграцияни кучайтирмоқда
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украина президенти Владимир Зеленский билан музокара ўтказиш учун амалий ташриф билан Киевда бўлди. Учрашувнинг асосий мавзулари дронлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатнинг Европа Иттифоқига (ЕИ) қўшилиш жараёни бўлди.
Фон дер Ляйен Украинанинг фронтдаги вазияти ўзгараётганини таъкидларкан, “Украина кучли ҳарбий суръатни шакллантирди, энди шамол биз томонга есмоқда”, деди. Шунингдек, Европа Иттифоқи ажратган 90 миллиард евролик молиявий қўллаб-қувватлаш дастури амалга оширилаётганини эслатиб, мудофаа саноати интеграциясини янада чуқурлаштириш бўйича янги ташаббуслар эълон қилинишини маълум қилди.
Музокараларнинг марказида учувчисиз учиш аппаратлари бўйича янги келишув турибди. Ҳужжатга кўра, Украинада ишлаб чиқарилган дронларнинг бир қисми Европа ҳудудида сақланади. Бу Киев учун ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирса, Европа давлатларига Украинанинг жанг майдонида синовдан ўтган технологияларидан фойдаланиш имконини беради.
Ташриф давомида Зеленский Европа билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Урсула фон дер Ляйенни янги таъсис этилган “Европа” ордени билан тақдирлаши режалаштирилган. Шунингдек, у Украина–Жануби-Шарқий Европа саммитида иштирок этиб, Хорватия, Молдова, Руминия ва бошқа давлатлар раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказади.
Сўнгги ойларда Украина учун вазият сезиларли даражада ўзгарди. Европа Иттифоқи билан аъзолик музокаралари яна фаоллашди, мамлакат яна бир музокаралар кластерини очишга эришди. Брюссел эса бу жараённи ҳарбий ҳамкорлик ва технологик интеграция билан бир вақтда давом эттиришга интилаётганини намоён қилмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА