Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш давом этади
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бўлими бошқарувининг 2022 йил якунлари ва жорий йилги устувор вазифаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Фонднинг вилоят бўлими бошқаруви ходимлари, Термиз шаҳри ва туман бўлинмалари раислари, бош ҳисобчилари қатнашган йиғилишда республика бошқаруви ижро аппарати мутасаддилари онлайн иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиб, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди. Бу жараёнда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди фаол иштирок этиб, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз қариялар ва бошқа кўмакка муҳтож кишиларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатмоқда. Турли маънавий-маърифий ва ижтимоий тадбирлар ташкил этиб, ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашаётир. Эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани миллатимизга хос саховатпешалик, бағрикенглик сингари юксак фазилатимизни дунёга кенг намоён этмоқда.
Фонднинг вилоят бўлими, туман ва шаҳар бўлинмалари ўтган йили кўплаб эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойини таъмирлаш, соғлигини тиклаш, дори-дармон харид қилиш каби эҳтиёжлари учун етарли маблағ ажратди. Кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарар маҳсулотлар етказиб берилди.

Президентимиз ғояси билан ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси бу борадаги хайрли ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир. Хусусан, ўтган йили ҳомийлик ва хайрия маблағлари эвазига “Саховат ва кўмак” жамғармасига 29 миллиард 931 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушган.
Мазкур маблағлар халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари қарорлари асосида очиқ ва ошкора сарфланиб, “Темир дафтар”да рўйхатда турган 11 минг 307 оилага моддий кўмак берилган. Ёки уларни моддий қўллаб-қувватлаш, соғлигини тиклаш, кундалик эҳтиёж моллари сотиб олиш, меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш ва бошқа мақсадлар учун 20 миллиард 31 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган. Вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари қабулида бўлган ҳамда маҳаллий кенгашлар қарорлари билан тасдиқланган рўйхат асосида 9 минг 973 оилага қарийб 6 миллиард 758 миллион сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилганларга ҳам моддий ёрдам берилиб, қўллаб-қувватланган.
Йиғилишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бўлими бошқаруви раиси Х.Самадовнинг йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланиб, муҳокама этилди. Йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида бажариладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири