Эҳтиёжмандларга протез-ортопедия мосламалари берилди
Сирдарё вилояти тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси томонидан эҳтиёжманд 86 нафар фуқарога беш турдаги протез-ортопедия мосламалари етказиб берилди.
Биргина ноябрь ойида 51 дона катталар учун ногиронлар араваси, 24 дона эшитиш мосламаси, 31 дона ҳасса, 7 жуфт қўлтиқтаёқ, 8 дона юриш мосламаси етказиб берилган бўлса, протез-ортопедия буюмлари учун эҳтиёжи бўлган яна 100 нафар шахснинг ўлчамлари олиниб, уларга сертификатлар тақдим этилди.
— Эзгу ишларни амалга оширишда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратурасининг ёрдами катта бўлди, — дейди Сирдарё вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Акбархон Мирзахонов. — Бу маҳсулотларни олиб келиш ва фуқароларга етказиб беришимиз учун маҳаллий бюджетдан 200 миллион сўм ажратилди.
Вилоятда тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногирон ва якка-ёлғиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш ишлари давом этмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА