Эҳтиёжманд хонадонларга қуёш панеллари ўрнатилмоқда
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг ташаббуси билан ҳудуддаги айрим ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 180 та оила хонадонига қуёш панеллари ўрнатилди.
– Очиғини айтсам, янги қурилманинг ишлашига унчалик ишонмаган эдим, – дейди Бўка туманидаги “Паркент” МФЙда яшовчи Оқилахон Жумабоева. – Лекин ишлаши жуда қулай экан. Асосийси электр энергияси учун тўловлар кескин пасайди. Қишлоқларда электрсиз ҳаёт тўхтайди. Айниқса, кечаги совуқларда қўшниларимиз бу қулайликлардан бебаҳра қолди. Бизда эса уйни иситиш, ёритиш ва телефонларни қувватлантириш, телевизорни ишлатиш имкони бўлди.
Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан жорий йилда вилоят бўйича электр энергиясининг тармоқлар, корхоналар ва ҳудудлар кесимидаги дефицити 242,4 миллион киловатт соатни ташкил этиши ҳисобланган. Бунда 1 минг 420 та ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идоралари, 5 минг 167 та аҳоли хонадони, 604 та тадбиркорлик субъектига қуёш панеллари ўрнатилади.
Бундан ташқари, жойларда 12 та кичик ГЭСлар қуриш, 72 та кўп қаватли уйларга (1,43 мВт) қуёш панеллари ўрнатиш, 74 та ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳамда 1 минг 305 та ижтимоий соҳа объектларини кўмирга ўтказиш каби ишлар ҳам амалга оширилади. Ҳозиргача “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” га кирган 180 та хонадонга маҳаллий бюджет маблағларидан, 224 та хонадонлар ўз ҳисоби ва банк кредитлари ҳисобидан ўрнатди.
Эътиборлиси, мазкур қарор бўйича кам таъминланган хонадонларга қуёш панелларини ўрнатиб бериш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 3 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Бу орқали ҳар бир сектордан кам таъминланган ва дафтарларга киритилган 2 тадан хонадонга қуёш панеллари ёки қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатиб берилади. Ўз навбатида кўмир ёқилғисига ўтказиладиган 1 минг 305 та ижтимоий соҳа объектлари (424 та МТМ, 694 та мактаб, 187 та соғлиқни сақлаш)га лойиҳа институтлари бириктирилган, уларнинг 113 тасида лойиҳалаш ишлари якунланди. Ҳомийлар ва бюджетдан ажратилган 12,3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан бугунгача 59 тасида қозонлар ҳам ўрнатилди.
Бундан ташқари, газда ишловчи 59 та иссиқхоналардан 21 таси тўлиқ кўмир ёқилғисига ўтказилди, қолганларида кўмирда ишловчи қозонлар ўрнатилиши бошланган.
А.Мусаев,ЎзА.