Эҳтиёжманд аҳолининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янгиланаётган Конституциямиз мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик вакилларига тушунтиришга бағишланган тарғибот тадбирлари республикамиз бўйлаб давом этмоқда. «Менинг Конституциям» шиори остидаги навбатдаги сиёсий-ҳуқуқий мулоқот тадбири Қарши шаҳридаги истироҳат боғида бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбарияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар, жамоатчилик фаоллари, турли соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов сўзга чиқди:
– Кейинги йилларда юртимизда инсон манфаатлари, қадр-қимматини юксалтиришга хизмат қилувчи улкан ислоҳотлар амалга оширилаётир. Жумладан, Конституциявий ислоҳотлар орқали жамоатчилик таклифлари асосида Бош қомусимиз ҳақиқий халқ Конституциясига айланмоқда. Янги таҳрирдаги ҳужжат билан давлат зиммасига қатор ижтимоий мажбуриятлар юкланмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 13-14-моддаларида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга ошириши белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, 43-моддада давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриши, фуқароларнинг касбий тайёргарлигини ва қайта тайёрланишини ташкил этиши ҳамда рағбатлантириш назарда тутилмоқда. 57-моддада эса меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясига олинмоқда. Бу каби моддалар Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини, давлатнинг фуқаролар олдидаги, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш борасидаги масъулияти бир неча баробар ортаётганини акс эттиради, – деди партия етакчиси.
Байрамона кайфиятда ўтган тадбирда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар ва ёшлар ҳам сўзга чиқиб, ўз мулоҳазаларини билдирди. Тадбирда 30 апрель куни референдумда фаол иштирок этиш Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи экани алоҳида таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА.