Эҳтиёжга кўра самарали ёрдам зарур...
Россия-Украина
АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Америка – Россия инвестиция жамғармасидан Украина ва Молдовия иқтисодини тиклаш учун 135 миллион доллар ажратишни эълон қилди. Бу баёнот Агентликнинг сайтида берилган.
Франция Мудофаа вазири Себастьен Лекорню «Le Figaro” газетасига берган суҳбатда Киевга қурол-яроғ етказиб бериш Украина армияси эҳтиёжидан келиб чиқиши керак, бу реклама кампанияси эмас, деб таъкидлаган.
“Украина самарали ҳарбий ёрдамга муҳтож, у аниқ эҳтиёжини қоплаши керак”, деб қўшимча қилди вазир.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украинага гуманитар вазият бўйича йиғилиши 6 февралда бўлиб ўтади, деб хабар берди Мальтанинг БМТдаги доимий вакили Ванесса Фрейзер.
«Dziennik Gazeta Prawna” нашрининг маълумотига кўра, АҚШ Президенти Жо Байденнинг февраль ойида Польшага амалга оширадиган сафари давомида Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашиши мумкин. Мазкур учрашув Варшавада ёки Жешуве шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Германия Бундестаги раиси ўринбосари Катрин Гёринг-Эккардт Киевда бўлиши пайтида Украина барча шартларни бажариб, ЕИнинг аъзоси бўлиши керак, деб билдирган фикрини “N-tv” телеканали намойиш этди.
АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп вазият янада кескинлашмагунича Украинадаги инқирозни тезроқ тўхтатиш зарурлиги ҳақида гапирди.
Унинг сўзларига кўра, «Украинадаги муаммони «осон ҳал этиш мумкин», шунингдек, тинчликка «24 соатда» эришиш мумкин, деб қатъий фикр билдирди.
Чехиянинг янги сайланган Президенти Петр Павел Украинанинг ЕИ ва НАТОга кириш интилишларини қўллашини айтиб ўтди. Бу ҳақда “Blesk” хабар берди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған “TRT” телеканалига суҳбати чоғида Ғарб давлатлари томонидан Киевга етказиб бераётган қурол-яроқ, шу жумладан, танклар, Украинадаги зиддиятни ҳал этмайди, деган.
“Бунинг ўрнига Ғарб давлатлари бизнинг Украина ва Россия ўртасида музокаралар чақириғимизни қўллашлари лозим. Киевга қурол етказиш “бу хавфли қадам, аммо қурол баронлари учун фойдалидир”, деб таъкидлаган.
Германия канцлери ўринбосари, Иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш масалалари вазири Роберт Хабек немис қирувчи самолётларни Киевга етказиб беришга қарши эканини билдирди. “ZDF” телеканалига суҳбатда у “айни дамда Украинага тезроқ жанговар “Leopard” танкларини етказиб бериш зарурлигини урғулади. “Financial Times” газетасига берган интервьюсида Италия Мудофаа вазири Гуидо Крозетто, “ўз мамлакати мудофаасига таҳдид яратмасдан Рим Киевга имконияти даражасида ёрдам беришга тайёр, деб баёнот берди.
Украинага “F-16” учоғини бериш самарасиздек туйилмоқда, чунки уни бошқаришни ўрганиш анча вақт талаб этади, деди Польша давлат телевидениесига суҳбатида Польша Мудофаа вазири ўринбосари Марчин Очепа. “Бу автомат эмаски, жангчининг қўлига бериб қўйиб, “олға” дейдиган”.
Украина бош прокуратураси Мудофаа вазири ўринбосари Вячеслав Шаповаловга ва икки бошқа давлат ташкилоти ходимига коррупция айбловларини эълон қилди.
"Украинская правда" газетасининг хабарига кўра, мамлакат Қуролли кучларининг айрим қўшинларини ҳарбий кийим-кечак таъминлашда давлат маблағларига хиёнат қилинган. Сифатсиз маҳсулотлар келтириш билан бирга, жиноятчилар давлатга 27,27 миллион доллар миқдорида зарар келтиришган.
Аброр ХОН,
ЎзА