ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) вакилларини қабул қилди.
Делегацияга 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссиясига раҳбарлик қилган Эоган Мерфи бошчилик қилди.
Ўзбекистон билан ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболи кўриб чиқилди.
Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ таркибидаги барча тузилмалар, жумладан, ДИИҲБ билан конструктив ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Бюронинг сайловларни кузатиш бўйича тўлиқ, кенг миқёсдаги миссиялари 2019 йил парламент, 2016 ва 2021 йиллари Президент сайловида иштирок этди.
Эоган Мерфи икки томонлама шерикликнинг бугунги суръатини, хусусан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қонунчиликни халқаро стандартга мувофиқ такомиллаштириш йўналишларидаги алоқани юқори баҳолади.
Суҳбат чоғида 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссияси якуний ҳисоботида илгари сурилган тавсияларнинг ижро этилиши юзасидан фикр алмашилди. Айни йўналишда конструктив ҳамкорликка бундан кейин ҳам ўзаро тайёрлик билдирилди.
[gallery-7562]
ДИИҲБ делегациясига Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган ва илгари фаол сурилаётган, Марказий Осиёда мутлақо янги аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш имконини берган ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
ДИИҲБ вакиллари кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, турли йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш орқали кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
У.Маҳмирзаев,
О.Ғуломов (сурат),ЎзА