ЕХҲТ Бош котиби билан учрашув тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Стокгольм шаҳрига амалий ташрифи доирасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳелга Шмид билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Трансмиллий таҳдидларга қарши кураш, давлат бошқаруви самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, яшил иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, гендер тенглиги тамойилини илгари суриш йўналишларида конструктив мулоқотни фаоллаштиришдан томонлар бирдай манфаатдор экани таъкидланди.
Ҳелга Шмид Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказиладиган Марказий Осиёда БМТ Глобал терроризмга қарши кураш стратегиясининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференцияда ЕХҲТ ташкилотчилардан бири сифатида иштирок этишга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.
Афғонистон масаласида, жумладан ушбу мамлакатни низодан кейинги тиклаш бўйича Ташкилотнинг ўзаро келишилган позициясини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати