ЕЧЛ: “Интер” сафарда, “Қорабоғ” ўз уйида енгилди
Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичига ўтиш ўйинларининг илк учрашувлари ўз якунига етди.
Жумладан, плей-офф босқичи доирасида "Олимпиакос" ўз майдонида "Байер"ни қабул қилди. Учрашувда “Байер” клуби аъзоси Патрик Шик икки голга муаллифлик қилиб, жамоаси учун муҳим бўлган ғалабани келтирди. "Брюгге" эса "Атлетико" билан ўз уйида 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Шунингдек, "Ньюкасл" жамоаси сафарда "Қорабоғ" устидан 6:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, "Будё Глимт" 3:1 ҳисобида "Интер"ни таслим этди.

Плей-оффнинг жавоб ўйинлари 24-25 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Мусобақанинг умумий гуруҳ босқичида кучли саккизликдан ўрин олган – «Арсенал», «Бавария», «Ливерпуль», «Тоттенҳэм», «Барселона», «Челси», «Спортинг» ҳамда «Манчестер Сити» жамоалари плей-офф иштирокчилари орасидан икки ўйин натижасига кўра ғолиб бўлган жамоаларга қарши чорак финал остонасида тўқнаш келади.

Дарвоқе, Европа чемпионлар лигаси финали 2026 йил 30 май куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳридаги «Пушкаш Арена» стадионида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА