Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов тадбиркорларга мурожаат қилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов тадбиркорларга мурожаат қилди.
Видеоконференц алоқа тарзида ўтказилган тадбирда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларга барча шароит яратиб берилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга қўшиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратган эди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг тадбиркорларга мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Видеоконференцияда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этиш, белгиланган лойиҳаларнинг ўз муддатларида ишга туширилишини таъминлаш, бюджет ва экспорт прогнозининг бажарилиши, валюта операцияларида қарздорликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг ўтган даврида “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида 13 минг 381 нафар фуқарога 276 миллиард 718 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағи ажратилди.
Шунингдек, умумий майдони 198,6 гектардан иборат 7 та кичик саноат зонасида бугунги кунда 123,6 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа ҳамда умумий майдони 42,3 гектардан иборат “Нукус” эркин иқтисодий зонасида 154 миллиард сўмлик 3 та лойиҳа ишга туширилди. Қорақалпоғистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналарига келиб тушган 1 минг 549 та муаммоли масаладан 1 минг 502 таси ижобий ҳал этилди. Бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигини билдириб, уларни қийнаётган муаммоларни тинглади.
Мулоқот давомида тадбиркорлар асосан имтиёзли кредит, ер майдони ажратиш, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳсулотларни экспорт қилиш, бўш турган объектларни “ноль” қийматда харид қилиш сингари масалалар бўйича мурожаат қилишди ва ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади.
Мурожаатларнинг айримлари жойида ўз ечимини топган бўлса, атрофлича ўрганишни талаб этадиган масалалар бўйича тегишли соҳа раҳбарларига шахсан туманларга чиқиб, тадбиркорлар билан учрашиш ва муаммоларни ҳал этиш вазифалари белгилаб берилди.