Эҳтиёжмандларга мурувват ёрдами
Жиззах вилояти ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига эҳтиёжманд оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Жиззах вилояти ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига эҳтиёжманд оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Коронавирус туфайли давом этаётган карантин даврида айниқса, ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар учун қийинчиликлар юз бермоқда. Албатта, халқимиз саховатли, бундай пайтда ҳеч кимни ёлғиз қолдирмайди. Дастлабки кунлардан саховатли ҳамюртларимиз хайрия қилишни бошлаган эди.
Бироқ якка тартибда хайрияларни амалга ошириш карантин талабларига зид бўлиб, касаллик тарқалиши ҳавфини кучайтиради. Шунинг учун ҳукуматимиз томонидан жорий 4 апрель санасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик“ жамоат фонди билан ҳамкорликда “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази“ ташкил этилди.
Айни кунда барча ҳудудларда мазкур марказнинг филиаллари ташкил этилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз қариялар, кам таъминланган оилалар каби турдаги фуқароларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Жиззах вилоятида “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази“ мунтазам фаолият олиб бораётир. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқ, вилоят ҳокимлиги веб сайти ҳамда телевидение орқали эълон қилинган “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази”нинг ишонч телефони ҳамда мурожаат учун 1197 қисқа телефон рақамларига мурожаатлар узлуксиз келиб турибди.
Бу ерда ташкил этилган “Call-марказ”да Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 12 нафар кўнгилли ёшларидан иборат ишчи гуруҳ фаолият кўрсатаётир. Гуруҳ аъзолари томонидан аҳолидан тушаётган мурожаатлар тезкорлик билан рўйхатга олинмоқда.
Маркази фаолияти бошланган жорий йилнинг 4 апрелидан 7 апрель куннинг биринчи яримигача аҳолидан “Call-марказ”га жами 1 минг 500 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар электрон дастур орқали ҳар бир туман бўйича тузилган ишчи гуруҳларга юборилмоқда.
Ҳар бир туманда шаклланган ишчи гуруҳлар аъзолари мурожаатлар бўйича маълумотларни умумлаштириб манзилли рўйхат асосида аҳоли учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, гуруч, картошка, ёғ, пиёз, макарон, шакар)ни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 30 нафар кўнгилли аъзолари томонидан махсус ажратилган автотранспортлар орқали манзилларига етказилмоқда.
Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизматининг маълумотига кўра, айни пайтга қадар вилоят бўйича мингга яқин хонадонларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган.