“E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилди
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан Марказий сайлов комиссияси (МСК) билан ҳамкорликда “E-saylov” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди.
Фойдаланувчиларнинг “Е-saylov” ахборот тизимидан самарали фойдаланиши бўйича назарий билимларини шакллантириш ва тизимда ишлаш тартиби бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида икки кунлик ўқув-амалий машғулотлар ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, “Е-saylov” ахборот тизими сайловларни самарали ташкил қилишда рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали сайлов жараёни иштирокчилари томонидан сайлов комиссияларига ҳужжатларни тақдим этиш, сайлов комиссияларининг қарорларини қабул қилиш, шунингдек, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни электрон шаклда амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан “E-saylov” ахборот тизимининг регламенти лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, барча даражадаги сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари, оммавий ахборот воситалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, депутатликка номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари, халқаро ва хорижий кузатувчилар, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги “Е-saylov” ахборот тизимидан фойдаланувчилар ҳисобланади. Ўқув-амалий машғулотда фойдаланувчиларнинг мазкур тизимда ишлаш кўникмалари оширилди.
М.Комилова, ЎзА