Дзюдочиларимиз тантанали кутиб олинди
Венгриянинг Будапешт шаҳрида 4-6 август кунлари дзюдо бўйича “Мастерс” туркумига кирувчи халқаро турнир ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 2 та бронза медалини қўлга киритгани ҳақида аввал хабар берган эдик.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ушбу нуфузли мусобақа ғолиб ва совриндорларини кутиб олиш маросими бўлди. Шу муносабат билан бу ерга давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари йиғилди.

Мазкур нуфузли турнирда жаҳоннинг 59 давлатидан йиғилган 419 нафар дзюдочи иштирок этди. Мусобақада дзюдочиларимиз муносиб беллашиб, жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган не-не улуғ зотларнинг муносиб ворислари, Ўзбекистондек буюк юртнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч қачон кам бўлмайдиган фарзандлари эканини исботлади.

Кескин ва муросасиз беллашувларда зафар қучган спортчиларимизнинг мардлиги, жасорати, шижоату матонати дунё аҳлини лол қолдирди. Зеро, уларнинг бундай юксак муваффақияти мамлакатимиз мустақиллиги, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун яратилаётган кенг имкониятлар туфайлидир.
“Мастерс” турнирида истеъдодли спортчимиз Музаффар Тўрабоев 100 килограммгача вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлди. У мазкур медални қўлга киритгунга қадар икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек(Чехия), Шейди Элнахас (Канада), Михаэль Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Палтчик (Исроил) каби спортчиларни мағлуб этди.

Шунингдек, 90 килограммгача вазн тоифасида Давлат Бобонов ва 52 килограммгача вазнда Диёра Келдиёрова бронза медалига сазовор бўлди. Полвонларимиз мусобақа медалларидан ташқари муҳим рейтинг очколарига ҳам эга бўлди. Жумладан, М.Тўрабоев 1800, Д.Бобонов ва Д.Келдиёрова 900 рейтинг очкосини ўз ҳисобига қўшиб қўйди.
–Мусобақадаги ҳар бир жанг финалдек ўтди. Рақибларим катта тажрибага эга полвонлар эди, – дейди “Мастерс” турнири ғолиби Музаффар Тўрабоев. – Мураббийларим кўрсатмалари, халқимизнинг ишончи ва ғалабага бўлган интилишим сабабли олтин медални қўлга киритдим ва 12 йил олдинги натижани такрорладим. Бу муваффақиятларга эришганимдан хурсандман. Умид қиламанки, олдинда турган йирик мусобақаларда ҳам мамлакатимиз шарафини янада юксалтираман.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси бу йилги “Мастерс” турнирини 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан якунлади ва 59 давлат вакиллари орасида умумжамоа ҳисобида 6-ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири