Дзюдо: Тошкент вилояти жамоаси Ўзбекистон кубоги соҳиби
Дзюдо бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувларида мамлакатимизнинг 518 нафар дзюдочиси ғолиблик учун кураш олиб борди.
Жиззах шаҳрида ташкил этилган беллашувларда 379 нафар эркак ва 139 нафар аёл спортчилар иштирок этгани юртимизда ушбу олимпия спорт тури жадал ривож топаётганини кўрсатди.
Икки кунлик шиддатли беллашувлар сарҳисобига кўра, Тошкент вилояти жамоаси 3 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Самарқанд вилояти терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалга эгалик қилган ҳолда умумжамоада иккинчи ўринни банд этди.
2 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза медаль жамғарган Хоразм вилояти терма жамоаси мамлакат кубогида кучли учликка якун ясади.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон кубогида қатнашган 14 ҳудуддан 13 таси камида битта бронза медалини қўлга киритди. Саккизта вилоят жамоаларининг камида бир нафар аъзоси ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА