Дзюдо: Мухриддин Тиловов Абу-Дабида совриндор бўлди
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида дзюдо бўйича ўтказилаётган "Катта Дубулға" туркумига кирувчи нуфузли турнирнинг илк кунида мамлакатимиз спортчилари битта кумуш медалга сазовор бўлди.
Дунёнинг 77 давлатидан 450 нафар дзюдочи иштирок этаётган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Мухриддин Тиловов 66 килограммда муваффақиятли иштирок этди. У аввалига туркманистонлик Сердар Раҳимовни, учинчи даврада саудиялик Мунис Ҳавсавини, 1/4 финалда Бирлашган Араб Амирлиги вакили Нармандаҳ Баянмунҳни, ярим финалда эса мўғулистонлик Эрхембаяр Баттогтоҳни мағлубиятга учратди.

"Париж-2024" Олимпиадасининг қимматли рейтинг очколарини тақдим этадиган турнир финалида Тиловов "Токио-2020" Олимпиадаси кумуш медаль соҳиби бўлган грузиялик Важа Маргвелашвили билан рўбарў келди.
Шиддатли ўтган беллашувда ҳамюртимиз кумуш, Грузия терма жамоаси аъзоси олтин медални қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур нуфузли мусобақада юртимизнинг 10 нафар эркак ва 6 нафар аёл дзюдочилари иштирок этмоқда.
Беллашулар 26 октябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА