Дзюдо: Жаҳон чемпионати Ўзбекистон номини халқаро майдонда улуғлади
Тошкентда дзюдо бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Унда ғолиблар аниқланди ва Ўзбекистон бренди халқаро спорт ҳамжамияти билан кўп йиллик ҳамкорликка йўл очди.
"Олимпия шаҳарчаси"да зўр муваффақият билан ташкил этилган мусобақанинг дастлабки уч кунида яккалик, кеча аралаш жамоавий баҳсларда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Аралаш жамоавий баҳсларда 16 давлат терма жамоалари жаҳон чемпионати медаллари учун рақобатлашди. Муросасиз баҳслар якунида Япония терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган бўлса, Россия кумуш, Бразилия ва Франция терма жамоалари бронза медалларига эгалик қилди.
Яккалик беллашувларда совринли ўринларни қўлга киритган 25 та давлат спортчиларининг муваффақияти туфайли бешта қитъанинг қатор давлатларида шу кунларда Ўзбекистон номи бот-бот тилга олинмоқдаки, бу, мамлакатимиз спортининг шуҳрати яна бир бор жаҳон узра баралла янграётганидан далолат, дейиш мумкин.
[gallery-32650]
Деярли бир ҳафта давомида дунё дзюдо пойтахтига айланган Тошкент 24 ноябрдан ўсмирлар ўртасидаги “Saber Taşkent Grand Prix Cadets 2026” турнирига мезбонлик қилади.
Демак, юртимиз спорт ихлосмандлари қаторида дунё дзюдо мухлислари учун шиддатли беллашувлар завқи, унинг теграсида кечадиган спорт байрами давом этади.
Тошкент татамисидаги мусобақалар ўз рақамлари ва медаллар сонидан ташқари, яна бир бор дзюдонинг глобал миқёсдаги таъсирини ва ёш спортчиларга энг юқори даражада мусобақалашиш имкониятини тақдим этгани билан аҳамият касб этди.
Бундан ташқари, мазкур жаҳон чемпионати доирасида Халқаро дзюдо федерацияси ўзбек спорт либослари, аксессуарлари ва кундалик кийимлари бренди “Saber” билан кўп йиллик шартнома имзолаганини эълон қилди.

Айни ҳужжатнинг имзоланиши ўзбек спорт либослари халқаро дзюдо олами ва глобал спорт ҳамжамияти билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқаётганининг ёрқин ифодаси бўлди.
Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер ушбу келишувни олқишлаб, “Saber” Марказий Осиёда яхши танилган спорт кийимлари бренди эканини таъкидлади.
-Биз янги Ўзбекистоннинг янгиликка интилаётган миллий брендлари билан ҳамкорлик ўрнатаётганимиздан мамнунмиз, - дея фикр билдирди Мариус Визер.
Айтиш лозимки, ёшлар ўртасидаги аралаш жамоавий жаҳон чемпионати беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган ёш дзюдочиларимиз саралаш беллашувларида муваффақиятга эришмаган бўлса-да, уларнинг кучли рақиблари билан рақобатлашгани катта тажриба тўплашига, бу тажриба кейинги халқаро мусобақаларда муваффақият йўллари очилишига замин яратгани билан қадрли.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз дзюдочилари жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умумжамоада 5-ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов (сурат),
ЎзА