Душанбе мактаб ва боғчаларида карантин эълон қилинди
Кўрсатилган муддат оралиғида мактабгача ва умумий таълим муассасалари дезинфекция қилинади.
Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги мактаб ва болалар боғчаларида коронавирус тарқалиши хавфи туфайли 27 апрелдан 10 майгача карантин эълон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Таълим ва фан вазирлиги ҳамда пойтахт таълим бўлими маълум қилди.
Кўрсатилган муддат оралиғида мактабгача ва умумий таълим муассасалари дезинфекция қилинади.
"Бугун Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода раислигида коронавирус профилактикаси бўйича республика қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлис чоғида жамоатчилик, аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар саломатлиги ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида, ўрта мактабларда бошланғич ва ўрта касб-ҳунар таълими даргоҳларида 27 апрель-10 май кунлари вақтинча карантин эълон қилинади", - дея хабар берган вазирлик матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, карантин жамии 4 686 муассасада жорий этилиб, 2 245 661 болалар ва ўсмирлар ҳамда 143 045 ўқитувчини қамраб олади.
Бугунги кунда Тожикистонда расман бирорта ҳам лаборатория тасдиғидан ўтган COVID-19 ҳолати қайд этилмаган. Шундай бўлса-да, ҳукумат фуқаролар инфекция юқтирмасликлари учун лозим бўлган барча чораларни кўряпти. Душанбе шаҳрида барча йирик магистраллар, кўчалар кенг кўламли дезинфекциядан ўтказилмоқда. Йўллар, жамоат транспорти бекатлари, хиёбонлардаги, кўп қаватли уйлар ёнидаги ўриндиқларга ишлов бериш санитария-эпидемиология вазияти изга тушганча давом эттирилади.
Мамлакатда оммавий тадбирлар ҳам бекор қилинди, озиқ-овқат экспорти тўхтатилди.
Ҳукумат раиси бошчилигида ўтган COVID-19 профилактикаси бўйича республика штаби йиғилишда 25 апрелдан бошлаб барча турдаги донли ва дуккакли экинлар, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини вақтинча чеклаш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Бу ҳақда "Ховар" давлат ахборот агентлиги маълум қилган.
"Дунёда юзага келган мураккаб иқтисодий ва ижтимоий вазиятни ҳисобга олган ҳолда, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминотини мустаҳкамлаш ва маҳаллий бозорни биринчи навбатда зарур бўладиган маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида 25 апрелдан буғдой, гуруч, нўхат, мош, ловия каби барча турдаги донли ва дуккакли экинлар, шунингдек тухум, картошка ҳамда барча турдаги гўшт маҳсулотлари экспорти ва республика ҳудудидан ташқарига чиқарилиши тақиқланади", - дейилади ахборотда.
Бундан ташқари Тожикистонда ҳар қандай кўринишдаги оммавий тадбирлар, жумладан йиғилишлар ва семинарлар, спорт тадбирлари, кинотеатр ва театрлардаги томошалар ҳам бекор қилинди.